loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Матбуот анжумани ўтказилди

Бугун, 13 октябрь куни Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан 2021 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун жамиятимизда кечаётган улкан маърифий ислоҳотлар жараёнида миллий тасвирий ва амалий санъатимизни юксалтириш ва мустаҳкамлаш масалаларига ҳам катта эътибор қаратмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг пандемия даврида, 2020 йил 21 апрелда “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилингани бунинг амалий тасдиғидир.

2021 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси фаолияти қизғин кечди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг соҳага оид қарор, топшириқлари ижросини таъминлаш, юртимиз тасвирий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, шахсий ва ижодий кўргазмаларни ўтказиш, Бадиий академия ва унинг тизимидаги ташкилотлар, таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди.

Президентнинг “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида” ПҚ–4688-сон қарорининг ижросини таъминлаш, мамлакатимизда тасвирий ва амалий санъат, дизайн йўналишларини янада ривожлантириш, академик бадиий таълим сифатини оширишга оид 8 та норматив ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилди. Улардан 1 тасини Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони ҳамда 7 таси ҳукумат қарорлари лойиҳаси ташкил қилади. Шундан, жорий 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1 та фармони ҳамда Ҳукуматнинг 2 та тегишли қарорлари тасдиқланди.

2017-2021 йилларда Ӯзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган вазифаларни бажариш, ёш авлоднинг ижодий салоҳиятини намоён қилиш борасида жорий йилда тажрибали санъат соҳаси мутахассислари билан биргаликда маҳорат дарслари, турли кўрик-танлов ва кўргазмалар ўтказилди.

Жумладан, Бадиий академия тасарруфидаги “Академия” галереяси, Бадиий кўргазмалар дирекцияси, Тошкент фотосуратлар уйи, Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройи, Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейи ҳамда Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва вилоят бўлимларида республика, халқаро ва хорижий кўргазмалар, маҳорат дарслари, пленэрлар ташкил этилди. Мазкур тадбирларда 1 264 нафар ижодкорларнинг 6 218 та асарлари намойиш этилди.

2021 йилда соҳа бўйича ёш истеъдодли ижодкорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида апрель ойида халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали ўтказилди. Салоҳиятли ёш ижодкорларни аниқлаш ва уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Камолиддин Беҳзод издошлари” миниатюра ва халқ амалий санъати асарлари ижодий танлови ташкил қилинди. “Рассом устахонасида меҳмонда” лойиҳаси доирасида кўргазма ва маҳорат дарслари ҳамда “Мен юртимни келжакда қандай тасаввур қиламан” шиори остида кўрик-танловлар ўтказилди. Тадбирларда 5 837 нафар Ўзбекистон халқ рассомлари, академик ва Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари ҳамда бир қатор ёш ижодкорлар, ўқитувчи ва ўқувчи-ёшлар ташриф буюришди ва 5 996 та асарлар намойиш этилди.
Жорий йилда олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида таълим олаётган истеъдодли талабалар ўртасида Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси учун танлов ўтказилиб, 7 нафар талабага ушбу давлат стипендияси тайинланди

2021 йил давомида ўзбек тасвирий санъати, маданияти, адабиёти ва бошқа соҳалар етук вакиллари хотирасини абадийлаштириш мақсадида 15 та барельеф, 3 та ҳайкал, 1 та ландшафт дизайни ва боғ меъморчилиги бўйича ҳайкалтарошлик лойиҳалари яратилди.

Миллий амалий санъатимизни кенг жамоатчиликка танитиш учун “Ўзбекистон амалий санъати” каталоги ўзбек, рус ва инглиз тилларда 1000 нусхада нашр этилди.

Жорий йилда Бадиий академия тасарруфидаги таълим муассасалари билан боғлиқ улкан ишлар амалга оширилади.Хусусан, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Бадиий академия тасарруфидаги Сурхондарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига Ўзбекистон халқ рассоми, академик Рўзи Чориев номи берилди. Тасарруфдаги яна бир мактаб – Қўқон ихтисослаштирилган санъат мактабида қўшимча янги ўқув биноси қурилиши олиб борилмоқда. Нукусда Бадиий академияга қарашли Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаби Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг тегишли фармойиши асосида 2021-2022 ўқув йилидан Қорақалпоғистон Республикаси ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатига айлантирилди.

2021 йилда Ўзбекистон Бадиий академияси қутлуғ сана – мустақиллигимизнинг 30 йиллиги муносабати билан манфаатдор муассаса ва ташкилотлар билан ҳамкорликда мустақиллик мазмун-моҳияти ва тарихий аҳамиятини акс эттирадиган маънавий-маърифий тадбирлар, фестиваль ва анъанавий кўргазмаларни, ижодий лойиҳаларни ўтказди.
Мустақиллигимизнинг 30 йиллиги учун Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъати тараққиётига ҳисса қўшган фаол ижодкорлар, соҳа вакиллари рағбатлантирилди. Жумладан, 6 нафари “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони, 1 нафари “Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми” фахрий унвони, 1 нафари “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими” фахрий унвони, 1 нафари “Шуҳрат” медали, 1 нафари «Фидокорона хизматлари учун» ордени, 3 нафари “Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.