loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Матбуот анжумани

Ўзбекистон Миллий матбуот марказида Ўзбекистон Бадиий академиясининг  мамлакатимизда 2022 йил – Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалини ташкил қилиш ва ўтказиш  чора-тадбирларига бағишланган матбуот анжумани  бўлиб  ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сон Фармони ҳамда ушбу Фармон билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурида белгиланган тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларини ривожлантириш вазифалари бажарилишини таъминлаш мақсадида жорий йил 18-22 апрель кунлари Республикамиз бўйлаб Бадиий академия ҳамда қатор вазирлик ва идоралар, ташкилотлар, ижодий уюшмалар билан ҳамкорликда халқаро Тасвирий ва амалий  санъат фестивали ўтказилмоқда.

Aнъанавий тарзда ўтказиб келинаётган ушбу Фестиваль миллий анъаналарни асраб-авайлаш, янги истеъдодларни юзага чиқариш, ижодий алмашинув, устоз-шогирд анъаналари бардавомлигини таъминлаш, жаҳонга ўзбек тасвирий ва амалий санъати ютуқларини кенг танитишга, замонавий тасвирий ва амалий санъатда кечаётган долзарб жараёнларни ўрганиш орқали турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини мустаҳкамлашга қаратилган. 

Санъат ихлосмандлари беш кун давомида юртимиз ҳамда дунёнинг турли мамлакатларидан ташриф буюрган санъат усталарининг беназир санъат намуналаридан баҳра олиб, ижодий мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш имконига эга бўладилар. 

Жумладан, Тошкент шаҳри, вилоят марказлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси кўргазма залларида (30 дан ортиқ лойиҳа) иштирокчиларнинг сараланган асарлари асосида кўргазмалар, ёш ижодкорлар ўртасида турли хил ижодий танловлар, таниқли хорижий ва маҳаллий ижодкорлар ҳамда санъат усталарининг маҳорат дарслари, пленэрлар, бадиий дастур намойишлари ва бошқа маданий-маърифий тадбирлар, илмий конференциялар, Бадиий академия тизимидаги таълим муассасаларида таҳсил олаётган ёш ижодкорларнинг ижодий лойиҳалари (кўргазмалар, маҳорат дарслари, либослар намойишлари) намойиши  ташкил этилади.    

Фестивалда тасвирий ва амалий санъат соҳасида таълим олаётган ҳамда ижод қилаётган ёш ижодкорларнинг 30 ёшгача бўлган қатлами, хорижий ижодкорлар ва ижодий гуруҳлар рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, амалий санъат, дизайн, бадиий фотография, санъатшунослик, музейшунослик йўналишлари бўйича  иштирок этишлари кўзда тутилган.

Лойиҳалар орқали жами 10 000 (ўн минг) нафардан ортиқ олий ва ўрта махсус таълим муассасалари, ихтисослаштирилган санъат мактаблари ҳамда мактаб-интернатлари, умумтаълим мактаблари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчи-талабалари ва маҳалла ёшлари қамраб олиниши белгиланган.

Мамлакатимизда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш орқали уларни жисмонан соғлом ва маънан етук қилиб тарбиялашга оид чора-тадбирлар доирасида тегишли вазирлик, идора ва ташкилотларнинг  “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда ёшлар билан манзилли ишлаш тизимини яратиш, уларни бўш вақтини мазмунли ўтказиш бўйича ҳамкорлик дастури тўғрисида” қўшма қарори қабул қилинди. Шу муносабат билан, бу йилги Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивали лойиҳа ва тадбирларини “маҳаллабай”, барча қатламдаги ёшлар иштирокида “маҳалла-ҳудуд-республика” вертикал тизими асосида ташкил этилади.

Санъат мухлисларига завқ, ижодкорларга эса илҳом улашувчи ушбу анъанавий санъат ҳафталигида Ўзбекистон Республикасидаги 11 та хорижий дипломатик ваколатхоналар, Тожикистон, Польша, Россия ҳамда Корея Республикасидан 24 нафар хорижий ижодкор ва меҳмонларнинг иштироки кутилмоқда.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.