loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Мустақиллик байрамига бағишланди

Бугун, 31 август куни Ватанимиз мустақиллигининг 30 йиллик байрами арафасида, Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида “Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик” номли Ўзбекистон рассомлари кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Кўргазма экспозициясидан санъат усталарининг охирги йилларда яратган – рангтасвир, графика, кичик ҳажмдаги ҳайкалтарошлик ва декоратив амалий санъат асарлари ўрин олган.
Томошабинлар эътиборига машҳур академик рангтасвирчи рассомларнинг янги ижод асарлари тақдим этилмоқда.
 
Булар –Жавлон Умарбеков, Собир Рахметов, Файзулла Аҳмадалиев, Сарсенбай Байбосинов, Владимир Бурмакин, Аслиддин Исаев, Янис Салпинкидилар шунингдек, Ўзбекистон санъатида ўз ўринларига эга бўлган таниқли мўйқалам усталаридан Римма Гаглоева, Абдували Мўминов, Рустам Худойберганов, Мухаммадиёр Тошмуродов, Владимир Чуб, Флорида Гамбарова, Валерий Енин, Виктория Трошина, Искра ва Светлана Шинлар, Дилором Мамедова, Хуршид Зиёхонов, Тоҳир Каримов, Татьяна Фадеева, Рустам Бозоров, Юрий Гребенюк, Нозимхўжа Абдусаломхўжаев, Дилшод Эшматов ва бошқа бир қатор рассомлардир.
 
Улар асарларида 30 йил ичида мамлакатимиз ҳаётида юз берган ўзгаришларни акс эттириб, гўзал Ватанимизга бўлган муҳаббатларини ёрқин ва бетакрор буёқлар орқали ифода қилганликлари намоён бўлган.
 
Графика бўлимида санъат ихлосмандлари Анвар Мамажонов, Нуриддин Калонов ва бошқаларнинг бетакрор асарларини, декоратив пластикада Людвига Нестеровичнинг маҳорат билан ишланган асарлари, шунингдек заргарлик буюмларини нозик дид билан яратган Ирина Мухамедшина асарлари билан танишишлари мумкин.
 
Ушбу кўргазмада шунингдек Ўзбекистоннинг турли регионлари – Бухоро, Навоий, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Фарғона, Андижон, Қўқон ва Нукусдан келган рассомлар ҳам ўз ижод намуналари билан иштирок этмоқдалар.
 
Кўргазмага ташриф буюрган мухлислар 100 га яқин муаллифлар томонидан яратилган 250 дан зиёд ижод намуналаридан баҳра олиб, Ватанга бўлган муҳаббат ҳамда қалбларида ғурур ва ифтихор туйғулари жунбушга келса ажабмас.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.