loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Мўйноқ- бугун ва эртага

11 июнь куни Тошкент фотосуратлар уйида “Мўйноқ бугун ва эртага” фотокўргазмаси очилди. Унда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо фоторассомлар ҳамда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фотомухбирлари томонидан Оролбўйи ҳудудидан олинган 200 га яқин ҳужжатли ва бадиий фотосуратлар намойиш этилмоқда.

Маълумки, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор Орол фожиасига қаратди. Президентимиз ташаббуси билан 2018-2021 йилларда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш бўйича Давлат дастури қабул қилинди.

Бугунги кунда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Мўйноқ туманида кенг кўламли бунёдкорлик, туман аҳолисининг ҳаёт тарзини ижобий томонга ўзгартириш ишлари амалга оширилмоқда. Оролбўйи экологик фожеаси оқибатларини юмшатишга қаратилган чора–тадбирларга турли соҳа вакиллари қаторида санъат аҳли ҳам ўз ҳиссаларини қўшмоқда.

Ушбу кўргазма ҳам ана шундай эзгу ишларнинг мантиқий давомидир.

Кўргазманинг асосий қисмини ЎзА фотомухбирларининг турли мавзу ва жанрдаги бетакрор асарлари эгаллаган.

Жумладан, фотомухбир Мақсад Ҳабибуллаевнинг кишини беихтиёр мушоҳадага ундайдиган  жами 17 хил мавзудаги фотоси томошабин ҳукмига ҳавола қилинди.

Ундан ташқари фотомухбирлар – А.Каннаевнинг “Оролга саёҳат қилишни истайсизми?” мавзусидаги ўткир сюжетли фотолари, Оқил Ғуломовнинг амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари кўламидан ҳикоя қилувчи “Мўйноқнинг бугунги жамоли”, Тунги Мўйноқ” ҳамда “Оролдаги одамлар” номли фотолавҳалари реал воқелик ҳақида ёрқин тасаввур уйғотади.

 Виктор Ан  фотоасарларининг оқ-қора рангдалиги мавзуни томошабинга янада батафсилроқ етказишга хизмат қилади, фожеа кўламига урғу беради, инсонларда огоҳлик ҳиссини уйғотади ва она табиатни асрашга чорлайди.

Ҳамдам Шораҳмедовнинг фотосуратларида эса рамзий унсурлар бевосита манзара моҳиятини шарҳлайди: эскириб, чириб кетган саҳро кемалари, туз ва чанг-тўзонли  замин ҳамда “яшил қопламалар”- барқ уриб ўсиб бораётган саҳро саксовуллари ва мовий осмон, қуёшнинг илиқ нурлари.  Бир қарашда зиддиятли манзара ҳосил қилаётган бу унсурлар ҳудудга яна ҳаёт, тириклик, фаровонлик қайтаётганини таъкидлайди.

Фотокўргазма мамлакатимизда коронавирус пандемиясига қарши жорий этилган карантин чора-тадбирлари ва қоидаларига  қатъий риоя қилинган ҳолда ташкил қилинди.

Жумладан, масканга ташриф буюраётган ҳар бир фуқаро тана ҳарорати масофадан туриб иссиқликни ўлчаш воситасида текширилмоқда ва кўргазма залига фақатгина тиббий ниқобдаги томошабинлар киритилаяпти.

Шу билан бирга, Тошкент фотосуратлар уйи биноси ва кўргазма залларида санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига тўлиқ амал қилинмоқда.

Кўргазма 20 июнга қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.