loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

«Онаизор» кўргазмаси очилди

4 октябрь куни Марказий кўргазмалар залида  Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нурнинг 60 йиллик юбилейига бағишланган «Онаизор» номли шахсий кўргазмаси очилди. Муаллиф кўргазмани ўз онасига бағишлади. Юбилей экспозициясидаги асарлар – рассомнинг маълум давр ижодий изланишларини акс эттиради. Кўргазма бир ой давом этади.

— Рассомнинг санъатга кириши жуда тез содир бўлган. 1984 йилда Тошкент Давлат санъат институтининг рассомлик факультетини тугаллагандан сўнг, ўтган асрнинг 80-йилларида Ўзбекистон рассомлари авлоди орасида етакчи ўринни эгаллайди. Сўнгги ўн йилликлар давомида бир қанча йирик кўргазмалар, шунингдек, чет элларда ҳам шахсий кўргазмалари бўлиб ўтди. Пластик ечимнинг ўзига хослиги, ностандарт образлилик тили Акмал Нурни унга яқин тоналликдаги рассомлар гурухидан ажратиб туради. 1997 йилда А. Нур Ўзбекистон Бадиий академиясининг  энг ёш ҳақиқий аъзоси бўлади.

          Ўзлигини ёрқин намоён эта олган беқиёс рассом, ижодий жараёнлар динамикасида маълум даражада темпераментли,  руҳияти жиҳатидан сокинлик ва фикрий ҳислат соҳиби. 

          А.Нур асарларидаги стилистик ечимлар турлилиги унинг бадиий дунёқараши яхлитлигини инкор этмайди, балки, изланишлари динамиклиги ҳақидаги ғояларни ва ижодкорнинг фалсафий дунёқараши ҳамда пластик ифодалилигини тасдиқлайди, — дейди Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, ЎзФА академиги, санъатшунослик фанлари доктори.

Нуриддинов Акмал (Акмал Нур) – Рангтасвирчи рассом. Наманган вилоятида туғилган. 1984 йилда республика рассомлик билим юртини тугатган. 1984 йилда Тошкент Давлат Санъат институтининг дастгоҳли рангтасвир бўлимини тамомлаган. 1985-1989 йилларда  Р.Аҳмедов раҳбарлигида таҳсил олган.

          Рассом ижодида Шарқ санъатининг маънавий гўзаллиги, комилликка интилиш каби бетакрор анъаналар бевосита ўз ифодасини топган. Акмал Нур ишларида фалсафий мазмун ва шоирона лирик оҳанг етакчилик қилади. У ноёб бадиий услубга эга бўлиб, Fарб ва Шарқ, бугунги кун ва ўтмиш анъаналари уйғунлашган.

          Рассом асарлари Ўзбекистон, Марокко, Хитой музейларида, Франция, АҚШ, Ҳиндистон, Марокко, Исроил ва бошқа шахсий тўпламларда сақланади.

Таниқли мўйқалам устасининг ноёб услуб ва бетакрор чизги-бўёқлар билан ажралиб турувчи, чуқур рамзий маънога эга, миллий анъаналар ва замонамиз уйғунлигида акс этган асарлари томошабинларда катта таассурот қолдирмоқда.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.