loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Она юртга меҳр

Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, рангтасвирчи рассом Эркин Бозоровнинг “Она юрт” номли шахсий кўргазмасининг очилди.
Кўргазмада рассомнинг 50 га яқин рангтасвир асалари намойиш этилаяпти.

Эркин Бозоровнинг рангтасвир асарларини кузатар экансиз, уларда, асосан, рассомнинг табиат билан мулоқотини, унга бўлган муносабатини сезасиз. Рассом, табиатни шунчалик чуқур ҳис қиладики, ҳатто, унинг нафас олаётганини, нафасининг ҳорғин ёки қайноқлигини, нигоҳларининг илиқлигини, ифорининг муаттарлигини, кайфиятининг самимийлигини ҳам чин маҳорат билан шарҳлаганини гувоҳи бўласиз.

Ижодкор ўзи чизаётган манзараларига атайин қандайдир маъно юкламайди, шунчаки уларни оддий талқин этади. Унинг талқинида табиат билан инсоннинг асрий, сокин ва вазмин суҳбати сўзсиз ифодасини топади. Виқор билар турган тоғлар тизмаси сизга қадим, ва залворли ҳаёт, сабр-бардош ва матонат, улуғорлик ва муҳташамлик ҳақида секин шивирлайди.

Кузнинг сокин ва заъфарон ранглари ҳаётнинг гўзаллиги, шу билан бирга ўткинчилигини, унда тасвирланган сарвқомат йигитлар сингари тизилиб турган тераклар шавқатсиз кузак шамолларига гўё ҳеч парво қилаётгани йўқдек. Бироқ тераклар баргларининг “омонат”, “илиниб” туриши, йигитликнинг ҳам ғанимат эканлигига ишорадек, гўё.

Э. Бозоровнинг асарлари орасида “Ўтмишдан садоси” композицияси рассом ижодининг бошқачароқ қиррасини намоён этади. Унда тасвирланган уч ўсмир, томошабин уйлаши мумкин бўлганидек бевосита натурадан чизилган эмас, аксинча, ижодкорнинг таъкидлашича ҳаёлан чизилган. Композиция шунчаки рассомнинг ҳаёли маҳсули эмас, балки унинг тафаккурида жонланаётган болалигини қўмсаш, унинг аллақачон ўтмишга айланган онларига қайтишни исташига акс эттиради…
 
Рассом ҳақида:
1983 й. – Навоий вилояти, Нурота туманида туғилган.
1998 – 2001 йй. – Навоий шаҳридаги Тасвирий ва амалий санъат лицейида таҳсил олган.
2001 – 2007 йй. – К .Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Дастгоҳли рангтасвир” кафедраси бакалавр ва магистрлиги босқичларида ўқиган.
2007 й. – Ўзбекистон Ижодкорлар уюшмаси аъзолигига қабул қилинган.
2008 й.дан – Республика ва хорижий кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда.
2019 й. – Кипр санат галереясида “ Таассурот” деб номланган шахсий кўргазмаси бўлиб ўтган.
 
Устозлари : Наим Қодиров, Даврон Ражабов, Акмал Икромжонов, Собир Рахметов, Имяр Мансуров, Муҳаммад Нуриддинов, Саъдулла Абдуллаев.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.