loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рассом билан учрашув

Бугун, 6 декабрь куни Шимоли-ғарбий ҳарбий округ ҳарбий қисмининг бир гуруҳ муддатли ҳарбий хизматчилари иштирокида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, Қорақалпоғистон халқ рассоми Женис Лепесов билан учрашув ташкил этилди.

Қизиқарли ва мазмунли кечган учрашувда аскарларни хушкайфиятда кутиб олган рассом гўзал тасвирий санъат асарлари яратилаётган мўжазгина устахонасига таклиф этди.

Мойбўёқ ҳиди, деворда осиғлик турли жанрларда яратилган рангтасвир асарлари, стол устида шоиру ёзувчиларнинг китоблари ва ҳали тугалланмаган яна бир янги асар устахона файзидек кўринади. Аскарлар устахонага кириб, нотаниш манзарадан ҳаяжонда рассомнинг ҳаёт йўли ва ижодий фаолияти билан яқиндан танишишди. Шунингдек, тасвирий санъат турлари, услублари ва жанрлари ҳақида билимга ҳам эга бўлишди.

Женис оға суҳбат давомида аскарларга ибрат бўладиган сўзларни ҳам айтар экан, шундай дейди: “Ёшлик йилларимни ижодга бағишладим. Бу асарни 50 ёшда яратаман, бу асарни 75 ёшимда ёзмоқчиман, демадим. Аксинча, ҳар бир дақиқамни янги янги асарлар яратишга сарфладим. Турли услубда ва жанрларда ижод этиб, то ўзимнинг услубимни яратмагунча ижод қилавердим. Бугун эса устахонамда кечанинг бугуни, меҳнатимнинг самараси бўй чўзди. Қай бир асарларим шахсий коллекцияларда, жаҳон галерея ва музейларида сақланмоқда. Бу мен учун шараф”.

Женис Лепесов асарлари орқали Ватанига бўлган чексиз муҳаббатини изҳор этибгина қолмасдан, қорақалпоқ халқининг миллий маданияти ва урф-одатларини бўёқларда тараннум эта олган бўлса, рассом ижодиёти ватанпарварлик, муҳаббат ва садоқатнинг рамзий тимсоли сифатида аскарларга ибрат бўла олди.

Учрашув сўнггида рассом томонидан маҳорат дарси ўтказилиб, аскарлар қаламда расм чизиш сабоқларини ўрганишди.

Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА,

санъатшунос

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.