loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рассом хотирасига бағишланган плэнер тугади

Жорий йил 18-22 июнь кунлари Ангрен шаҳрида  Ўзбекистон  Бадиий  ижодкорлар  уюшмаси ва Ангрен  шаҳар ҳокимлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон халқ рассоми  Виктор Иванович Уфимцев хотирасига  бағишланган «Ангрен таровати» номли  Республика рассомлар  плэнери бўлиб ўтди.

Мазкур плэнерда қирқга  яқин ижодкорлар, академик Сарсенбой Байбосинов, Ўзбекистон халқ рассоми Рустам Худойберганов, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган атоқли устоз рассомлар билан бирга Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Чирчиқ давлат педагогика институти талабалари, шаҳар болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқитувчи ва ўқувчилари ҳамда санъатсевар мухлислар иштирок этишди.  

Беш кунлик ижод жараёнида рассомлар Ангрен шаҳри  ва атрофидаги Янгиобод, Лашкарак, Эртош тоғларининг  мафтункор табиат манзараларини ўзларининг этюд ва асарларида акс эттирдилар.

Ҳар куни устоз ва шогирдлар ўртасида ижодий учрашув, давра суҳбати уюштирилиб, чизилган этюд ва асарлар муҳокама қилиб борилди.

Плэнер доирасида Ангрен шаҳри рассомлари Эркин Жўраев, Лариса Генрихова, Абдураҳим Ўраловнинг   «Мовий тоғлар бағридаги шаҳар » номли ижодий асарлар кўргазмаси ҳам  тақдим этилди.

Плэнер доирасида Ангрен шаҳар тарихи музейига ҳам саёҳат ташкил қилинди. Музей ходимлари ижодкорларни экспонатларда акс этган Ангрен шаҳар тарихи, табиати ва В.Уфимцев ҳаёти, ижоди билан таништирдилар. Шундан сўнг музей биноси атрофида этюдлар чизилди, ёшлар учун мастер-класс машғулотлари ва ижодий суҳбат ўтказилди.

Музейнинг В.Уфимцев тасвирий санъат асарлари залида “Ангрен таровати” номли Республика рассомлари плэнерининг якуний ҳисобот кўргазмаси ва тақдимот маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси Иброҳим Валихўжаев, Ангрен шаҳри ҳокимияти мутасаддилари қатнашди. Улар плэнер давомида яратилган юзга яқин асарларни кўришди, ижодкор муаллифлар билан суҳбат қурдилар.

Такдимод маросимида сўзга чиққан ижодкорлар Ўзбекистон халқ рассоми  В.Уфимцев сиймосини хотирлаб илиқ сўзлар айтишди,  ушбу плэнернинг маданий ҳаётимиздаги аҳамияти ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдиришди.

Академик Сарсенбой Бойбўсинов, рангтасвирчи рассом Абдуҳаким Каримов музейга плэнер давомида чизган асарларидан совға қилишди. Плэнерда фаол иштирок этган ижодкорлар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан ташаккурнома билан тақдирланишди, барча иштирокчиларга сертификат берилди.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.