loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рассом хотирасига бағишланди

Бугун, 25 июнь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида Ўзбекистон халқ рассоми Николай Карахан хотирасига бағишланган «Маълум ва номаълум Карахан» номли ижодий тадбир бўлиб ўтди.

Ижодий кечани Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур очиб берди: — Ўзбекистон Бадиий академияси ўзбек тасвирий санъати ривожига улкан ҳисса қўшган рассомларимиз ижодий фаолиятига оид туркум кўргазмалар, ижодий суҳбатларни ташкил қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бу ишга қўл уришимиздан кўзлаган мақсадимиз тасвирий санъат оламига кириб келаётган ёшларимизни ўтмишдаги рассомларимиз ижоди, унинг ўзбек тасвирий санъатида эгалаган ўрни ҳақида кенг бохабар этишдан иборат. Бугун таълим олаётган ёшларимизнинг аксарияти афсуски, катта авлод рассомлар ижодидан бехабар. Шундай экан, уларни хотирласак, бугунгидек ижоди ҳақида санъатшунослар иштирокида мулоқот қилсак, фойдадан холи бўлмайди, бу билан аввало улар хотирасига ҳурмат бажо келтирган бўламиз, қолаверса ёшларимизга муҳим маълумотларни тақдим этамиз, деди Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур.

Ижодий кечада рассом Николай Карахан Москвадаги Шарқ халқлари Давлат музейида Николай Караханнинг асарларидан иборат ташкил этилган кўргазма ҳақидаги ролик намойиш (Россиянинг «Культура» телеканали орқали эфирга берилган Н.Караханнинг 2020 йилда 120 йиллигига бағишланган кўргазма хақидаги фильм) этилди.

Н.Карахан асарлари кўплаб жаҳон ва маҳаллий музей коллекцияларида, жумладан Россиянинг Шарқ Давлат музейи, Давлат Третъяков галереяси, Ўзбекистон Давлат санъат музейи ҳамда Нукусдаги И.Савицкий номидаги Давлат санъат музейидан ўрин олган.

Ижодий кеча якунига етгач барча иштирокчилар Бадиий академиянинг кўргазмалар залига раассом ижодига бағишланган фотокўргазмага таклиф этилди.

Кўргазмада намойиш этиладиган фотоасарлар ва маърузалар ёш ижодкор қалбларига илҳом бағишлади, кенг томошабинлар учун эстетик завқ ва ором улашди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.