loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг 100 йиллиги нишонланди

Шу йил 18-19 октябрь кунлари Ўзбекистон Бадиий академияси тизимидаги П.Беньков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактабининг 100 йиллиги тантанали равишда кенг нишонланди. 18 октябрь куни ижод мактабида ташкил этилган байрам тадбирининг очилиш маросимида Ўзбекистон Бадиий академияси аъзолари, рассомлар, санъат арбоблари, профессор-ўқитувчилар, дипломатик корпус вакиллари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуридинов сўзга чиқди.

          — Ўзининг бой бадиий мероси билан жаҳон санъати ва маданияти ривожига катта ҳисса қўшган қадимий цивилизация ўчоғи бўлмиш мамлакатимизда нафақат миллий бадиий анъаналарнинг ўзига хослиги сақлаб келинмоқда, балки авлодлар томонидан муносиб давом эттирилмоқда.  Бир асрлик шонли тарихга эга  П.Беньков номидаги Республика рассомлик мактаби ҳам мазкур анъаналар давомчиси сифатида  мамлакатимиздагина эмас, минтақамизда ҳам нуфузли санъат ўқув муассасаларидан бири саналади. Тасвирий ва амалий санъатнинг турли йўналишлари бўйича кўплаб санъат арбоблари, минглаб малакали мутахассислар етишиб чиққан бу даргоҳда  бутун ҳаётини  миллий санъат равнақига бағишлаган ўнлаб фидоий ижодкор педагоглар фаолият кўрсатишган. Бугунги кунда ҳам  илғор устоз-мураббийлар, моҳир педагоглар ёш авлодга ўз тажрибаларини улашмоқдалар, санъатсевар халқимизни нафосат оламидан баҳраманд этмоқдалар.

Шахсан Президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан яратилаётган шарт-шароитлар натижасида ўзбек тасвирий санъатига кириб келаётган кўплаб ёш истеъдод эгалари жаҳон санъат майдонида ўз ижодини кўргазмалари орқали муносиб равишда намоён қилишмоқда. Улар орасида айнан Беньков мактаби ўқувчиларининг ҳам алоҳида ўрни бор. Ишонч билан айтамизки, бу ўқув даргоҳи келгусида ҳам ўзининг эзгу анъаналарини  шараф билан давом эттиради. Ҳар бир ижодкор ўзидан буюк асарлар қолдиришни истайди ва шунга ҳаракат қилади. Том маънодаги ижодкордан кейин яратган асарлари яшайди. Бу – умрибоқийлик демакдир. Фурсатдан фойдаланиб, мана шу мактабнинг жонкуяр ўқитувчиларини касб байрами билан ҳам чин дилдан қутлайман, — деди  Ўзбекистон Бадиий академияси раиси А.Нуридинов.

Дарҳақиқат,  П.Беньков номидаги  Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби  Марказий  Осиёда тасвирий ва амалий санъат бешиги вазифасини ўтаб келган. Марказий Осиё мамлакатларининг қарийб барча тасвирий ва амалий санъат усталари, рассомлари ижоди  бевосита  мазкур билим юрти билан узвий боғлиқдир. Ўзбекистоннинг XX  аср  тасвирий санъати хазинасига муносиб ҳисса қўшган  Павел Петрович Беньков, Александр Николаевич Волков, Зинаида Ковалевская, Надежда Кашина, Николай Карахан, Абдулҳақ Абдуллаев, Малик Набиев, Лутфулла Абдуллаев, Рашид Тимуров, Раҳим Аҳмедов, Эдуард Қаландаров, Рўзи Чориев, Неъмат Қўзибоев, Зокир Иноғомов, Қутлуғ Башаров, Шуҳрат Абдурашидов, Тельман Муҳаммедов ва бошқа юзлаб рассомларнинг ижодий таржимаи ҳоли мазкур ижод мактаби билан чамбарчас боғлиқдир.

Билим юртида  турли даврларда  соҳа жонкуярлари — Уста Ширин Муродов, Т.Арслонқулов, Й.Рауфов, Ж.Ҳакимов, М.Қосимов, Т.Тўхтахўжаев, М.Раҳимов, В.Рифтин, Ч.Аҳмаров, А.Абдуллаев, Т.Татевосян, В.Жмакин, Н.Қўзибоевлар дарс берган.

          Жаҳонга танилган ўзбек рассомларидан Т.Оганесов, Ш.Абсаламов, М.Куприянов, машҳур рус ёзувчилари Б.Лавренов, Қирғизистон халқ рассоми А.Чуйков, Ўзбекистон халқ рассоми Н.Карахан, Ж.Умарбеков, Б.Жалолов, А.Мирзаев, Ғ.Қодиров, А. Нур ва бошқалар шу билим юртида таҳсил олганлар.

Тарихга назар ташлайдиган бўлсак, мазкур ўқув маскани 1919 йилда Тошкент рассомлик техникуми ва П.Беньков номидаги Самарқанд рассомлик билим юрти негизида Тошкентда ташкил қилинган. Билим юртида дастлаб рассом-ўқитувчилар, театр саҳна безаги, ҳайкалтарошлик бўлимлари, кейинчалик амалий санъат, ганч, ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик, гилам тўқиш каби йўналишдаги бўлимлар ҳам ташкил этилди.

Бугунги кунда ижод мактабида ўн тўртта ихтисослик бўйича мутахассис тайёрланади. Булар: дастгоҳли ва маҳобатли рангтасвир, графика, ҳайкалтарошлик, маҳобатли безак санъати, театр безаги ва либослари, театр санъати бутафорияси, грим, кино ва телевидение рассоми, ёғоч ўймакорлиги ва наққоошлик, локли миниатюра, қайта тиклаш (реставрация) ихтисосликларидир.

— Мактабимиз етук мутахассис кадрларни тайёрлаш баробарида ўз номини тасвирий санъатда муҳрлаган буюк ижодкорларимиз мероси сақланаётган бебаҳо маскан ҳамдир. Бу ерда тасвирий санъат, амалий санъат, санъатшунослик, дизайн йўналишлари бўйича таҳсил олган ва олаётган минглаб  малакали мутахассислар  республикамизда йўлга қўйилган бадиий таълим тизими фаолиятининг самарадорлиги ифодаси, қолаверса миллий бойлигимиздир, — дея таъкидлади П.Беньков номидаги  Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби директори Умиджон Ҳакимов.

Тадбирда  кўп йиллик педагогик фаолияти ва самарали меҳнати учун бир гуруҳ ўқитувчилар олтин, кумуш медаллари, диплом, сертификат ва турли эсдалик совғалари билан тақдирланди.        Тадбирнинг мусиқали қисмида эл севган санъаткорларимиз ўзларининг дилтортар қўшиқлари билан меҳмонлар ва мезбонларга янада кўтаринки кайфият бахш этишди.

Тадбир доирасида мактабнинг жонкуяр ўқитувчи ва ходимлари томонидан тўпланган тарихий фотосуратлар, маълумотлар асосида мактаб музейи, билим юрти битирувчи ўқувчиларининг диплом ишларидан жамланган кўргазма очилди. Бундан ташқари мактаб ҳудуди бўйлаб устоз ва шогирдлар томонидан маҳорат дарслари бўлиб ўтди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.