Жорий йил сентябрь ойида ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанд саммитига тайёргарлик кўришга қаратилган “Самарқанд руҳи” лойиҳаси доирасида 10 августдан 10 сентябрга қадар кўҳна ва навқирон шаҳримизда “Халқаро ҳайкалтарошлар симпозиуми” ўтказилади. Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва Самарқанд вилояти ҳокимлиги билан ҳамкорликда ташкил этилаётган ушбу симпозиумда 7 нафар хорижий (Россия, Эрон, Ҳиндистон, Грузия, Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистондан), 6 нафар маҳаллий ҳайкалтарошлар Зарбанд мармаридан, металлдан ва материалда ажойиб ҳайкалтарошлик намуналарини яратадилар. Айтиш жоизки, Ўзбекистон мустақиллиги даврида илк бор ташкил этилаётган ушбу халқаро ҳайкалтарошлар симпозиуми Самарқанд шаҳрининг «Ватанпарвар» боғида бўлиб ўтади.