loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Санъат фидойиларини етиштирадиган муассаса

Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти  қарийб 25 йилдан юртимизда санъат фидоийларини етиштириб келмоқда.

Муассаса  Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1997 йил 23 январдаги “Ўзбекистон Бадиий Академиясини ташкил этиш ҳақида”ги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 1997 йил 11 мартдаги қарорига асосан ташкил этилган.

 Юртимиз азалдан буюк ижодкорлар юрти сифатида барчага маълум. Шарқ миниатюра мактабининг асосчиси деб эътироф этилган Камолиддин Беҳзод номи аталиб келинаётган ушбу олий таълим муассасига жорий йилда 25 йил тўлди. Институт бадиий таълим йўналишида, яъни  санъатшунослик, музейшунослик ва дизайн йўналишида фаолият олиб бораётган Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Ўзбекистон халқ рассомлари, Ўзбекистон Бадиий академиясининг академиклари фаолият юритадилар. 

Бугунги кунда институтда 3 та факультет, 15 та кафедра, 21 та бўлим фаолият юритади. Бакалавриатда 27 та таълим йўналиши бўйича 2293 нафар талаба, шундан магистратурада 17 та мутахассислик бўйича 149 нафар магистрант, Олий таълимдан кейинги босқич – таянч докторантура, докторантура, мустақил изланувчиликда 40 дан ортиқ тадқиқотчилар  санъатшунослик, музейшунослик ва дизайн йўналишида таълим олмоқда.

Институтда асосий штатда профессор-ўқитувчилар 234 нафар бўлиб, улар орасида 20 нафари профессор, 4  нафар фан доктори, 32 нафар фан номзоди ва фалсафа доктори (PhD), 32 нафар доцент илмий унвонига эга.  Институт бўйича илмий салоҳият кўрсаткичи 2021 йил 34.4% ташкил этган бўлса, бугунги кун ҳолатига кўра 37.6 фоизга етди. 

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳузурида санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини берувчи PhD.38/09.07.2020.San.119.01 рақамли ташкил этилган илмий Кенгашда 2021-2022 ўқув йили мобайнида 5 нафар тадқиқотчининг  диссертациялари ҳимояси муваффақиятли ўтказилди. 2022 йилнинг январь-июнь ойларида институт профессор-ўқитувчиларидан 4 нафари доцент илмий унвонига ва бир нафари профессор илмий унвонига сазовор бўлдилар.

Институтда фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси ўртасида узвий ҳамкорликни олиб бориш мақсадида,  кафедралар кесимида 31 та иш берувчи ташкилотлар билан шартномалар имзоланган. Жумладан, 2 та ихтисослик мактаби, 2 та мусиқа ва санъат мактаби, 6 та музейлар ва галереялар, 3 та кўргазма заллари,   11 та ишлаб чиқариш корхоналари билан шартномалар тузилган. Шунингдек, “Ўзбеккино” Миллий агентлиги, “Ўзбекенгилсаноат” уюшмаси, Ўзбекистон маданий мерос департаменти билан ҳамкорлик шартномалари ишлаб чиқилган.

Иқтидорли талабалар билан мунтазам ишлаш мақсадида, уларнинг илмий-ижодий ишлари юртимиздаги кўргазма залларида ва музейларда шахсий кўргазмалари ташкил этилади.  

2021-2022 ўқув йилида институт иқтидорли талабаларидан 2 нафари Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси билан   Музейшунослик (тарихий-маданий объектларни консервация қилиш, таъмирлаш ва сақлаш) мутахассислиги магистри Ишанова Музаффара Музаффаровна ҳамда Санъатшунослик ва музейшунослик факультети “Тасвирий ва амалий санъат” таълим йўналиши  4-босқич талабаси Умурзакова Махлиё Мўсажон қизилар совриндор бўлди.  

Қувонарлиси, талабалар орасида Зулфия номидаги давлат мукофоти ва  “Мард ўғлон» давлат мукофоти билан тақдирланган талабалар ҳам мавжуд.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли  фармойиши билан  “Ўзбекистон Республикасида  2022 йилда халқаро ва республика миқёсида ўтказиладиган илмий ва илмий-техник анжуманлар режаси”га мувофиқ,  институтда 1 та республика, шунингдек, алоҳида қарорлар асосида 2 та республика, институт ташаббуси билан 1 та халқаро, институт доирасида 1 та конференция, 14 та семинар ва вебинарлар ўтказилди.  Ушбу конференцияларда Россия Федерацияси, Буюк Британия,  Нидерландия, Франция, Туркия, Хитой Халқ Республикаси, Беларус Республикаси, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон,   давлатларидан олимлар ўзларининг илмий маърузалари билан  иштирок этди.

Институтнинг Таҳририят ва нашриёт бўлимида “Мусаввир” номли маънавий-маърифий, ижтимоий-сиёсий, илмий-амалий газетаси фаолият юритади. Бундан ташқари, Республикамиз ҳаётида рўй бераётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий ўзгаришлар ҳамда институт ҳаётида юз бераётган ижодий янгиликлар, илмий анжуманлар, ёрқин воқеликлар, учрашув, адабий-бадиий кечалар ва турли тадбирлар энг фаол, тажрибали ўқитувчиларнинг ҳамда илғор намунали талабаларнинг ўқиш фаолиятлари ҳам кенг ёритилиб борилади.

2020 ўқув йилидан бошлаб институтда “Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти Ахборотномаси” илмий-амалий журнали чиқа бошлади. Журнал олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари, илмий ходимлар, арт-танқидчилар, маданият ва санъат тизими тасарруфидаги касб-ҳунар коллежлари, малака ошириш ва қайта тайёрлаш тизими тингловчилари, катта илмий ходим-изланувчилар, мустақил тадқиқотчилар, магистрантлар ва талабаларга мўлжалланган бўлиб,  2020 йил 11 февралда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва коммуникациялар агентлигида №1049 рақами рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳнома”си олинган.

 Бундан ташқари, институт профессор-ўқитувчилари ва тадқиқотчилари учун қулайлик яратиш мақсадида, 2021 йил  14 декабрь  ойида  Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги ахборот ва коммуникациялар агентлигида № 1485 рақами билан институтда янги “Art аnd Design: Social Science” номли илмий-инновацион электрон журнали ташкил топди.

Институтда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан молиялаштирилган 3 та амалий лойиҳа ҳам амалга оширилмоқда:  “Ўзбек миллий этномаданий тантанавор либослари коллекциясининг мобил иловасини яратиш”, Ўзбекистон бадиий таълим тизимида “Онлайн музей” электрон галереясини яратиш, “Ўзбекистон тарихи давлат музейидаги ноёб экспонатларнинг 3D анимацияли виртуал галереясини яратиш” кабилардир. Ушбу лойиҳаларда Муҳтарам Президентимизнинг 2022 йил 4 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида таъкидлаб ўтилган:  Олий таълим муассасаларидаги давлат гранти ҳисобидан амалга ошириладиган илмий лойиҳа гуруҳлари таркибининг камида 40 фоизини талабалар ҳисобидан шакллантириш  вазифаси ижросини таъминлаш мақсадида 6 нафар талаба мазкур амалий лойиҳаларда илмий тадқиқот ишларига жалб этилган. Албатта, ушбу лойиҳаларда талабаларни иш билан таъминлашдан ташқари,  уларни  илмий тадқиқот билан шуғулланишлари, илмий мақолалар ёзишлари    ҳамда  келажакда ўзларининг муайян илмий фаолиятларини давом эттиришлари учун мактаб вазифасини ўташи шубҳасиздир.

Юртимизда кечаётган кенг қамровли бунёдкорлик ишларида бадиий таълимнинг алоҳида ўрни бор. Музейшунослик, санъатшунослик, рассомлик ва дизайн соҳаларида қўлга киритилаётган янги   ислоҳотлар фикримизнинг яққол ифодасидир. Зероки, халқимизнинг маданияти тарихи дунё тамаддунида алоҳида эътироф этилади. 

Дилафрўз Қурбонова,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти 

Илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, тарих фанлари доктори

 

Mанба: https://yuz.uz/news/sanat-fidoyilarini-etishtiradigan-muassasa–?view=bojxonachi–eng-yaxshi-kitobxon-viktorinasi-golibi

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.