loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Суратларда ҳаёт акси, миннатдорлик ҳисси…

Рассом Йигитали Турсунназаров 50 йилдирки ижод билан машғул. Унинг ҳалол ва фидокорона меҳнати мустақиллигимизнинг 28 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми мукофотига муносиб топилди.
 
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти профессори, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, академик Й.Турсунназаров 1941 йили Фарғона вилоятининг Рафиқон қишлоғида таваллуд топган.
Ижодга йўл…
– Болалигим дашту далаларда ўтган, – дейди Й.Турсунназаров. –Мактабдан келиб ота-онамга кўмаклашиш учун опа-укаларим билан далага чиқиб кетардик. Адабиёт ва шеъриятга меҳрим бўлакча эди. У пайтларда ҳамманинг уйида радио бўларди. Радиода шеърлар ўқилса мен тўхтаб қолардим. Лирик образлар менга кучли таъсир қиларди.
 
Санъатга кириб келиш ҳаётингизни қандай бошлаб олишингизга боғлиқ. Қишлоғимизда кўп шоир-ёзувчилар меҳмон бўлиб, кечаси билан суҳбатлашиб ўтиришарди. Уларга мен ва мен каби тенгдошларим хизмат қилардик. Шоирларнинг суҳбати, ҳаёт тарзи мен учун жуда қизиқ эди. Уларни эшитиб ижодга меҳрим янада ошарди. Ана шундай ижодий кечалар, ижодга бўлган меҳр мени Тошкент театр ва рассомчилик институтига бошлаб келди.
 
Ўқишни тамомлагач П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртида уч йил ўқитувчилик қилдим. Қарасам иш, тирикчилик деб, ижод қилишга вақтим қолмаяпти. Кейин ишни топширдим ва фақат ижод билан шуғулландим. Лекин молиявий томондан жуда қийналдим. Бўш вақтларимда киракашлик қилиб оиламни боқдим. Устозларимнинг «Қаттиқ меҳнат қилмас экансан, натижасини кўрмайсан» деган ўгитига амал қилиб, ўз устимда тиним билмай ишлардим.
 
Ана шундай меҳнатларим ҳосиласи сифатида 1989 йилда илк бор кўрик-танловда қатнашдим. Танловга қўйилган “Орол кўз ёшлари” ва “Рапқонлик заҳматкашлар” номли асарим менга чинакам омадни олиб келди. Шу кўргазмада Ҳамза номидаги давлат мукофотини қўлга киритдим.

Ўзбекистон халқ рассоми унвонига эришиш ҳаяжонлари

Ушбу унвонга мени тавсия қилишгандан кейин фотоларимни кўриб чиқиб менга қўнғироқ қилишди. Улар 20 та ижодий ишимни электрон вариантини сўрашди. Бу асарларим ҳозирда мамлакатимиз музейларида сақланаётган “Саида Зуннунова”, “Қора хат”, “Сўнгги мактуб”, “Хаёл”, “Рапқонлик заҳматкашлар” ва шу каби картиналарим эди. Ҳақиқат бор экан, узоқ йиллик меҳнатим маҳсули эвазига мени Ўзбекистон халқ рассоми унвонига муносиб кўришди. Бунинг учун Президентимиз Шавкат Мирзиёевга кўп раҳмат. Бу эътибордан хурсандлигимдан ҳозирда фалсафий фикрда юрибман. Демоқчиманки, зўр бир асар яратиш, хусусан, Одам Ато ва Момо Ҳаво давридан тортиб ҳозирги даврнинг бир кўринишини, янгиликлар ва ўзгаришларга бағишланган фантастик ва фалсафий асар яратиш ниятим бор. Ватаним, Президентим ва ҳаётга бўлган муҳаббатимни, ҳурматим ва раҳматимни шу асарим орқали билдирмоқчиман.
 
Яхши рассом бўлиш учун…
Портрет яратиш одамни ўзидек ўхшатиш эмас, балки унинг руҳияти, ички дунёсини, образини очиб бериш демакдир. Ўз навбатида, бунда рассом ички дунёси, унинг ҳиссиётлари ва қарашлари ҳам муҳим роль ўйнайди. Яхши рассом, яхши ижодкор бўлиш учун, аввало, инсон қалби эзгуликпараст бўлиши керак. Ҳар бир нарсадан, қандай ҳолатда бўлишидан қатъий назар, унинг яхши томонларини кўра оладиган синчков инсон бўлиши талаб қилинади. Шунингдек, ижодкорнинг тасаввури жуда кенг бўлиши зарур. Рассом зўр расм чизиши мумкин, лекин у рассом бўла олмаслиги мумкин. Рассом ҳаётий образни ички дунёси, ҳиссиётлари ва ранглар билан тасвирлаб бера олиши керак. Токи, расмни кўрган одам ҳеч қандай изоҳларсиз ундаги ҳаётни ҳис қила олсин.
 
Гулноза БОБОЕВА, ЎзА
 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.