loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Тасвирий санъатимиз юксалишига хизмат қилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан олиб борилаётган улкан маърифий ислоҳотлар жараёнида миллий тасвирий ва амалий санъатимизни юксалтириш ва мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор қаратилмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини янада оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори миллий тасвирий ва амалий санъатимиз истиқболини белгилаб берган ҳужжат бўлди.

Шу йил 15 декабрь куни Президентимизнинг ушбу қарори ижросини таъминлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Бадиий академиси ҳузурида Рассомлик маҳорат устахонаси (олий рассомлик курси) фаолиятини ташкил этиш чора-табирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Тасвирий санъат ижодкорларининг имконият ва салоҳиятини тўлақонли юзага чиқариш, рангтасвир ва амалий санъат асарларининг юксак сифатини таъминлаш, жумладан, мавжуд моддий-техник базанинг ночорлиги, малакали кадрлар етишмаслиги, халқаро ижодий ва илмий алоқаларни ривожлантириш ҳамда ижодкорларни рағбатлантириш борасида кейинги пайтларда ўзига хос муаммолар тўпланиб қолган, айниқса, соҳада кадрлар тайёрлаш ишлари рисоладагидек эмас эди.

Ушбу қарор мазкур муаммоларга барҳам беради. Янаям очиқроқ айтганда, кўплаб ёш иқтидорли ижодкорлар, яъни, талабалар олдида олийгоҳни битирганларидан кейин ўз ижодини давом эттиришда туғиладиган муаммо ўз-ўзидан ечим топади. Қарорда белгилаб қўйилганидек, Рассомлик маҳорат устахонасига икки йилда бир маротаба 10 нафар стажёр-тадқиқотчи қабул қилинади ҳамда ўқиш муддати соҳа хусусиятидан келиб чиққан ҳолда икки йил давом этади. Режага кўра, республика миқёсида камида 10 нафар иқтидорлилар сараланиб, улар ижодий устахоналар билан таъминланади.

Аҳамиятлиси, таълим жараёнида чет эллардаги кўргазма ва музейларда сақланаётган ноёб асарлар билан яқиндан танишиш, нусха кўчириш ҳамда тажриба алмашиш мақсадида хорижий мамлакатларга ижодий сафарлар ташкил этилади.

Марказий Осиёнинг гавҳари бўлмиш Ўзбекистоннинг бой маданий меросини асраш ва ривожлантириш мамлакатимизда амалга оширилаётган туб ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг узвий қисмидир.  

Рассомлик маҳорат устахонаси Бадиий академия ҳузурида фаолият юритиб, юридик шахс мақомига эга эмас. Унда бадиий таълимда «устоз-шогирд» анъаналарини сақлаган ҳолда маҳорат устахоналарининг илғор ўқитиш услублари ва тажрибаларини ишлаб чиқиш ва ўқув жараёнига жорий этиш муҳим саналади.

Маҳорат устахоналарига шунингдек, тасвирий санъатнинг дастгоҳли ранг тасвир, графика, монументал санъат, миниатюра ва ҳайкалтарошлик каби йўналишларига ихтисослашган истеъдодли ёшларни топиш ва танлаш вазифаси юклатилган.

Маҳорат устахоналарига истеъдодли ёшларни саралаб олишда танлов эълон қилинади ва муносиб иқтидорлар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига аъзо таниқли рассомлар, академиклар, соҳа дарғалари иштирокида танланади.

Комил ишонч билан айтамизки, мазкур қарор рассомларимиз, ёш истеъдодларни янги ижодий уфқ сари илҳомлантиришига шубҳа йўқ.

 

Акмал НУРИДИНОВ,  

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси.

ЎзА

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.