loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Тасвирий санъат асарлари ижодий танлови ғолиблари тақдирландилар

Бугун 7 июнь куни  Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, “Шаҳидлар хотираси” жамоат фонди, Тошкент вилояти ҳокимлиги, Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институти ҳамкорлигида «Инсон — азиз, хотира — муқаддас» ғоя асосида ёш авлодни мустақиллик ва адолат тантанаси учун курашган фидойи ота-боболаримизнинг хотирасига ҳурмат руҳида тарбиялаш, уларнинг кўрсатган жасорати ва ибратли фаолиятларини тарғиб этиш мақсадида Тошкент вилояти Чирчиқ давлат педагогика институтида Ўзбекистон Республикаси олий таълим муассасалари талабалари ўртасида “Қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолиятига бағишланган тасвирий санъат асарлари танлови” ҳамда мазкур танлов доирасида маданий-маърифий тадбирлар ташкил этилди.

“Дунёда глобал хавф-хатарлар кучайиб бораётган ҳамда миллий ўзликни англаш ва ҳақиқий тарихимизни тиклаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим аҳамият касб этаётган бугунги даврда мустабид тузум томонидан шафқатсиз қатағон қилинган давлат ва жамоат арбоблари, илм-фан, маданият ва санъат, адабиёт намояндаларининг, оддий касб эгаси бўлган минглаб юртдошларимизнинг номлари ва хотираларини абадийлаштириш, уларнинг жасорати ва матонати мисолида ёш авлодимизни Ватанимиз ва халқимизга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялаш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Бу борадаги тарихий маълумотларни холис ва ҳаққоний ўрганиш мамлакатимиз мустақиллиги қандай оғир ва машаққатли курашлар билан қўлга киритилганини, бугунги эркин, озод ва обод ҳаётимизни асраб-авайлаб, қадрлаб яшаш кераклигини янада чуқур англашга хизмат қилади.” (Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 8 октябрдаги «Қатағон қурбонларининг меросини янада чуқур ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-5598 сонли Фармойишидан).

Халқимиз маънавиятини янада юксалтириш, юртимизда миллий ва умуминсоний қадриятларни қарор топтириш, аждодларимиз меросини чуқур ўрганиш ва уларга юксак эҳтиром кўрсатиш асосида ёш авлодни Ватанга муҳаббат, юртга садоқат ва улуғ аждодларимизга муносиб авлод қилиб тарбиялаш ҳозирги глобаллашув шароитида муҳим ва долзарб масалалардан ҳисобланади.

Ушбу Танлов бевосита Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 19 январь куни видеоселектр тарзида бўлиб ўтган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг мажлисида берилган топшириқлари ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбарининг 2021 йил 22 февралдаги 02-РА1/1-281-сон топшириғи тўққизинчи хатбошиси, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг  2021 йил 25 февралдаги 07/1-477-сон топшириғи ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини изчил амалга ошириш, ёшларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида тарбиялаш, истеъдодли ёшларни аниқлаш ва қўллаб-қувватлаш, тасвирий санъат йўналишидаги ёш ижодкорларнинг миллий ўзлигимизни англаш, ватанпарварлик, халқпарварлик ғояларини тараннум этувчи ёрқин санъат асарларини яратишдаги фаолиятини рағбатлантириш, улуғ аждодларимизнинг бой маънавий-маданий меросини фаол тарғиб қилишга йўналтирилган.

Танловга республикамиз олий таълим муассасалари талабаларининг 100 дан ортиқ асарлари тақдим этилди. Бундан ташқари, Тошкент вилояти умумтаълим мактаблари ўқувчилари ва тасвирий санъат тўгараклари иштирокчиларининг 70 дан зиёд расмлари ва ишланмалари танлов кўргазмасидан ўрин олган. 

Ушбу танловнинг мазмунини янада кенгроқ ва самаралироқ ўтказиш мақсадида танлов доирасида адабиётшунос  ва тарихчи олимларимиз иштирокида “Қатағон қурбогларининг меросини ўрганиш ва улар хотирасини абадийлаштириш”га оид илмий-назарий мулоқот ташкил этилди.

Шунингдек, “Танловга қўйилган ижодий асарлар кўргазмаси билан танишиш”, “Қатағон қурбонлари ҳаёти ва фаолияти ҳақида фото ва видеоролик намойиши”, “Тасвирий санъат йўналиши талабалари ижодий ишлари намойиши”, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари билан маҳорат дарслари ҳам ташкил этилди.

Тадбирда 20 нафардан ортиқ Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари иштирок этишди. Ўзбекистон Республикаси халқ рассоми Р.Худойберганов, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, “Турон” академияси академиги М.Иргашев, Бадиий ижодкорлар уюшмаси Тошкент вилояти бўлими раҳбари Ф.Назарматов, Сирдарё вилояти бўлими раҳбари А.Бойбеков,Ч.Бекмиров, М.Азларходжаев ва ҳ.к иштирокида ёш ижодкорлар билан ижодий суҳбат ташкил этилди. 3 нафар ижодкор Ҳакамлар ҳайъати фаолиятида фаол иштирок этишди.
Тадбир сўнгида танлов ғолиблари диплом, сертификат ва қимматбаҳо совғалар билан  тақдирландилар.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.