loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Диққат: Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясига танлов ўтказилади

Бу йил илк бор Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан олий таълим муассасаларининг иқтидорли ва ижодкор талабалари учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси танлови ўтказилади.

Маълумки, техника йўналишлари учун — Беруний номли, тиббиёт йўналишлари учун — Ибн Сино номли, гуманитар йўналишлар учун — Навоий номли, табиий йўналишлар учун — Улуғбек номли, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети учун — Имом ал-Бухорий номли ва барча йўналишлар учун — Ислом Каримов номли Давлат стипендиялари мавжуд.

Бироқ, шу кунга қадар олий таълим муассасаларининг тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишларида таълим олаётган иқтидорли ва ижодкор талабалар учун алоҳида номли Давлат стипендияси мавжуд эмас эди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 21 апрелдаги “Тасвирий ва амалий санъат соҳаси самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4688-сон Қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган талабалар учун Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини таъсис этиш вазифаси белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, олий таълим муассасаларида тасвирий ва амалий санъат ҳамда дизайн йўналишида таълим олаётган иқтидорли ва ижодкор талабаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш ҳамда муносиб тақдирлаш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг  2020 йил 6 ноябрдаги 691-сон қарори билан “Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисидаги низом” тасдиқланди.

Бу стипендия кимларга берилади?

Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендияси – республика давлат олий таълим муассасаларининг дастгоҳли рангтасвир, рангтасвир (турлари бўйича), графика ва миниатюра, ҳайкалтарошлик (турлари бўйича), амалий санъат (турлари бўйича), дизайн (турлари бўйича), санъатшунослик ва музейшунослик (турлари бўйича) йўналишларининг охирги икки курсида таълим олаётган бакалавриат босқичи талабаларига тайинланади.

Талабгорга қўйиладиган талаблар:

Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясини тайинлаш тартиби тўғрисида низомнинг 1-иловаси билан тасдиқланган баҳолаш мезонларига асосланади. Бунда:

а) дастгоҳли рангтасвир, рангтасвир (турлари бўйича), графика ва миниатюра, ҳайкалтарошлик (турлари бўйича), амалий санъат (турлари бўйича), дизайн (турлари бўйича) йўналишлари бўйича:
олий таълим муассасасидаги таҳсил даврида вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги шахсий кўргазмасини ташкил этганлиги;

соҳа бўйича халқаро ва республика даражасидаги кўргазма, биеннале, фестиваль, симпозиум, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришганлиги;
ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштирганлиги;
ўзбек миллий санъатини тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси.

б) санъатшунослик ва музейшунослик (турлари бўйича) йўналишлари бўйича:
олий таълим муассасасидаги таҳсил даврида республика ва халқаро миқёсдаги илмий журналларда якка муаллифликда мақолалар чоп этганлиги;
соҳа бўйича халқаро ва республика даражасидаги илмий конференция, семинар, фестиваль, симпозиум, биеннале, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва натижаларга эришганлиги;

ўқув жараёнида мутахассислик фанларини аъло баҳоларга ўзлаштирганлиги;
ўзбек миллий санъатини тарғиб қилишга қўшган ҳиссаси кўриб чиқилади.

Талабгорлар қуйидагиларни тақдим этади:

Дастгоҳли рангтасвир, рангтасвир (турлари бўйича), графика ва миниатюра, ҳайкалтарошлик (турлари бўйича), амалий санъат (турлари бўйича), дизайн (турлари бўйича) йўналишлари бўйича:

1. Вилоят, республика ва халқаро миқёсдаги шахсий кўргазмасини ташкил этганлигини тасдиқловчи маълумотномалар, диплом нусхалари, шахсий кўргазма ҳақидаги фотосуратлар.
2. Соҳа бўйича халқаро ва республика даражасидаги кўргазма, биеннале, фестиваль, симпозиум, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштирокини тасдиқловчи маълумотномалар, сертификатлар нусхалари ва эришган натижаларини кўрсатувчи дипломлар нусхалари, тадбирлар фотолари.
3. Турли фестиваллар, симпозиумлар, анжуманлар ва бошқа тадбирларда иштирокини тасдиқловчи дипломлар, сертификатлар нусхалари, маълумотномалар, тадбирлар фотолари.
4. Рейтинг дафтарчасидан ёки талабалар билимини назорат қилиш ва рейтинг тизимидан юклаб олинган кўчирма.
5. Деканат, кафедранинг тавсияномаси.
6. Ижодий ишлар рўйхати ва уларнинг босма нусхалари;
7. Соҳа бўйича камида икки нафар етук мутахассиснинг фикрномаси ва ўқиш даврида эришган бошқа ютуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади;

Санъатшунослик ва музейшунослик (турлари бўйича) йўналишлари бўйича:

1. Республика ва халқаро миқёсдаги илмий журналларда чоп этилган мақолалар нусхалари.
2. Халқаро ва республика даражасидаги илмий конференция, семинар, фестиваль, симпозиум, биеннале, танлов ва бошқа нуфузли тадбирлардаги иштироки ва эришган натижаларини тасдиқловчи диплом, сертификатлар нусхалари, илмий мақолалари нусхалари.
3. Турли фестиваллар, симпозиумлар, анжуманлар ва бошқа тадбирларда иштирокини тасдиқловчи дипломлар, сертификатлар нусхалари, маълумотномалар, тадбирлар фотолари.
4. Рейтинг дафтарчасидан ёки талабалар билимини назорат қилиш ва рейтинг тизимидан юклаб олинган кўчирма.
5. Деканат, кафедранинг тавсияномаси.
6. Илмий ишлар рўйхати.
7. Соҳа бўйича камида икки нафар етук мутахассиснинг фикрномаси.
8. Оммавий ахборот воситаларидаги чиқишлари, соҳага доир кўрсатувлардаги иштирокини тасдиқловчи маълумотномалар, кўрсатувлар нусхалари, илмий ва оммабоп журналлар, газеталарда чоп этилган илмий-оммабоп, публицистик мақолалари нусхалари ва ўқиш даврида эришган бошқа ютуқларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Барча ҳужжатлар йиғмажилдга жойланган ҳолда тақдим этилади. Муқовада талабгор таҳсил оладиган олий таълим муассасасининг номи, талабгорнинг фамилияси, исми ва отасининг исми, факультети, курси, гуруҳи кўрсатилиши лозим.

Имтиёзлар:

Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясига сазовор бўлган талабалар бакалавриат босқичини тамомлаганидан сўнг бир йил мобайнида тегишли мутахассислик бўйича магистратурага кириш имтиҳонларисиз, грант асосида қабул квотасидан ташқари қабул қилинади.
Давлат стипендияси соҳиблари ўқишни тамомлаганларидан сўнг бир йил мобайнида магистратурада ўқишни давом эттириш учун хорижга юборилаётган ёшлар гуруҳлари таркибига киритилишида устунликка эга бўлиш ҳуқуқини сақлаб қоладилар.

Эксперт гуруҳи таркиби:

Эксперт гуруҳи таркиби Бадиий академиянинг ҳақиқий аъзолари, Ўзбекистон халқ рассомлари, халқ усталари, Бадиий ижодкорлар уюшмасининг аъзолари, соҳа бўйича етук мутахассислар ва профессор-ўқитувчилар ҳамда Бадиий академия ходимларидан шакллантирилиб, Ўзбекистон Бадиий академияси раиси буйруғи билан тасдиқланади.

Танлов босқичлари:

1-босқич: Талабгор 1 июнга қадар юқорида санаб ўтилган ҳужжатларни дастлабки кўриб чиқиш учун олий таълим муассасаларининг илмий кенгашига тақдим этади.
2-босқич: Олий таълим муассасаларининг илмий кенгашлари 15 июнга қадар талабгорлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади.
3-босқич: Олий таълим муассасалари 25 июнга қадар илмий кенгашлар қарори, номзодлар ҳамда уларнинг эришган ютуқлари ҳақидаги маълумотларни олий таълим муассасаларининг веб-сайтларида эълон қилади ҳамда илмий кенгашларнинг қарорларига асосан талабгорларнинг ҳужжатларини бўйсинуви бўйича тегишли вазирликлар ва идораларга тақдим этади.
4-босқич: Тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар 1 июлга қадар Ўзбекистон Бадиий академиясига талабгорларнинг йиғма жилдлари ҳамда давлат стипендиясини тайинлаш тўғрисидаги тавсияномаларни тақдим этадилар.
5-босқич: Бадиий академия 10-25 июль кунлари талабгорларнинг йиғма жилдлари ҳамда давлат стипендиясини тайинлаш ҳақидаги тавсияномаларни кўриб чиқади ҳамда 10 августга қадар талабгорларга давлат стипендиясини тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги буйруқни қабул қилиш ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идораларга тақдим этади.
Бунда, Бадиий академия раисининг буйруғи давлат олий таълим муассасаларининг талабаларига давлат стипендиясини тайинлаш ва тўлаш ҳақидаги буйруқларни расмийлаштириш учун асос бўлади.
«Камолиддин Беҳзод номидаги давлат стипендиясининг соҳиби» гувоҳномаси Бадиий академия томонидан 20 августга қадар тантанали равишда топширилади.

 

Тайёрлади:

Камол Элмиров,

Ўзбекистон Бадиий академияси Таълим муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш ва методик таъминлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.