loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

“Тошкент қувончлари”– дунё болалари анжумани

Пойтахтимизда 15–20 декабрь кунлари Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда қатор вазирлик ва идоралар ҳамкорлигида “Тошкент қувончлари” VIII  халқаро болалар расмлари биенналеси  ўтказилади.

Бугун, 11 декабрь куни Бадиий академия тасарруфидаги Икуо Хираяма халқаро маданият карвон саройида мазкур биеннале ишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Матбуот анжуманида таъкидланганидек, бу йил оғир ва машаққатли, синовларга бой йил бўлди. Бутун дунё мамлакатлари қатори юртимизда ҳам пандемия хуруж қилди. Шунга қарамай, Бадиий академиянинг тасвирий санъатни ривожлантиришга қаратилган анъанавий лойиҳалари тўхтаб қолмади. Пойтахтимизда саккизинчи маротаба ўтказилаётган “Тошкент қувончлари” халқаро болалар расмлари биенналеси бунинг амалдаги исботидир.

Биенналега дунёнинг 15 га яқин мамлакати, жумладан, Франция, Италия, Польша, Россия, Беларусь, Уммон, Хитой Халқ Республикаси, Таиланд, Малайзия, Япония ҳамда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистондан расмлар келиб тушди. Юртимизнинг ижодкор болалари Ўзбекистоннинг чиройи ва гўзаллигини, мафтункорлигини тараннум этишган. Танловга келган расмлар бир – биридан қизиқарли ва ажойиб.

Анжуманда қайд этилганидек, биеннале дунё болаларини жипслаштиради, дўстлигини  янада мустаҳкамлайди, болажонларимизни дунёдаги тенгдошлари ижоди билан яқиндан таништиради. Янгидан янги иқтидорлар кашф этилади.  Улар икки йилни орзиқиб кутишади. Бу йил 5 ёшдан 15 ёшгача бўлган ижодкор болаларнинг 2000 га яқин расмлари ҳавола этилади.

Халқаро болалар расмлари биенналеси ғолиблари учун қуйидаги мукофотлар қўйилган:  1 та гран – при, 7 та олтин, 7 та кумуш, 7 та бронза медаллари ва 30 дона эсдалик тангалари.

Барча иштирокчиларга эса сертификатлар тақдим этилади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.