loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Фикрлар парвози

27 декабрь куни Марказий кўргазмалар залида Ўзбекистон Бадиий академияси академикларининг  Бадиий академия ташкил этилганлигининг 25 йиллигига бағишланган “Фикрлар парвози” кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда мустақиллик даври ижтимоий онгнинг энг муҳим ҳисобланган барча соҳаларини қамраб олган буюк бунёдкорлик ўзгаришларни бошлаб берди. Бунга мустақил Ўзбекистоннинг маданият соҳасида олиб бораётган сиёсати ёрқин мисол бўла олади. Содир бўлаётган маданий жараёнларнинг замирида миллий қадриятларнинг тикланиши, ўзбек халқининг ноёб тарихий-маданий қадриятларини асраш, Ўзбекистоннинг замонавий бадиий санъатини ҳар томонлама ривожлантиришга тўлақонли шароит яратиш ва жаҳон маданий жараёнида тасвирий ва амалий безак санъати доирасида халқаро алоқалар ўрнатиш каби устувор йўналишлар ётади. Бугунги кунда Ўзбекистон маданий сиёсат соҳасида бошқа давлатларга қиёслаб бўлмас даражадаги улкан тажрибага эга.

Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И.Каримов Фармонига мувофиқ Ўзбекистон Бадиий академиясининг ташкил этилиши ҳам бунёдкорлик жараёнининг муҳим бир бўлаги ҳисобланади. Ўзбекистон замонавий тасвирий санъати жадал ривожланмоқда. Бу эса рассомларимизнинг ижодий эркинликка эришганликлари, бадиий таълимнинг кўпбосқичли тизимини жорий этилганлиги, бадиий ижодиётнинг замонавий шаҳар муҳитига фаол мослашуви, ёшлар ижодиётининг қўллаб-қувватланиши, тасвирий, амалий-безак, дизайн санъати йўналишларидаги халқаро маданий алоқаларнинг ўрнатилиши, жамиятнинг эстетик диди шаклланишида ўз аксини топмоқда.

Ўзбекистон Бадиий академиясининг 25 йиллик фаолияти давомида кўргазма, илмий-ижодий, таълим ва тарғибот соҳаларида кўплаб ижобий натижаларга эришилди. Ноёб тасвирий санъат асарлари яратилди, юзлаб кўргазма лойиҳалари амалга оширилди, ўнлаб халқаро ва республика анжумнлари ташкил этилди, санъат соҳасидаги мавжуд муаммоларга бағишланган турли тадқиқотлар нашр этилди. Ўзбекистон Бадиий академияси давлат миқёсидаги турли лойиҳа ва акцияларда фаол иштирок этди. 

Ўзбекистон Бадиий академияси академикларининг асарларидан ташкил топган кўргазма – бу мамлакатимизнинг замонавий тасвирий ва амалий-безак санъати ривожланишидаги муайян бир даврдир. Академиклар асарларида ноёб анъаналар ва экпериментал изланишларга асосланган ажойиб маҳорат, замонавий давр руҳи яққол кўзга ташланади.

Академикларимиз ижоди ўзининг тури, жанри, тематик, стилистик ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Намойиш этилаётган асарлар ҳар бир муаллифнинг ижодий индивидуаллигини белгиловчи қийматга эга. Шу билан бирга мозаика мисол Ўзбекистон тасвирий ва амалий-безак санъатининг миллий ўзига хослигини ҳис этиш имконини беради.

Мазкур кўргазмада намойиш этилаётган Ўзбекистон Бадиий академияси Ҳақиқий ва Фаҳрий аъзолари ўзларининг ижодлари, бунёдкорлик ҳаракатлари билан миллий санъатнинг ўтмиши, бугуни ва келажаги ўртасида “кўприк” вазифасини ўташмоқда. Уларнинг яратган асарларига таянган ҳолда ёш авлод таълим олмоқда. Бу эса уста ижодкорлардан катта масъулият талаб этади.

Экспозициядан ўзбек маҳорат усталарининг Мутақиллик даврида яратган янги асарлари,  Ўзбекистон тасвирий ва амалий-безак санъати классик намуналарига айланган асарлар ретроспективаси ўрин эгаллаган.

Ўзбекистон Бадиий академияси академикларининг «Фикрлар парвози» кўргазмаси 2023 йилнинг 16 январига қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.