loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Фоторассом Султонбой Деҳқоновнинг шахсий кўргазмаси

18 октябр куни Ўзбекистон Бадиий академияси Сирдарё ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, таниқли фоторассом Султонбой Деҳқоновнинг мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишланган “Она юрт илҳомлари” номли шахсий кўргазмаси очилди.

Кўргазмада муаллифнинг 70 га яқин гўзал юртимиз манзаралари тасвирланган ранг баранг фотоасарлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.  С.Деҳқонов 1985 йилда ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетнинг журналистика факультетини тамомлаган.  Шу кунга қадар турли мавзуда  юртимиз  бўйлаб  26 та  кўчма шахсий  кўргазмалар ташкил этган. Унинг ижодида озод ва обод юртимизнинг ўзбекона миллий руҳи, қадриятлари ҳамда шу кунларда мамлакатимизда амалга оширилаётган бунёдкорликнинг ҳаётбахш  онлари нур ва соя чизгилари орқали бадиий ифодаланиши билан аҳамиятлидир. Муаллифнинг «Биз бунёдкор халқмиз», “Меҳр қолур”, “Умр манзараси”, “Бойсун баҳори”, “Улуғимсан Ватан”, “Тонг”  каби фотоасарлари ана шундай ижод намуналаридан саналади.  2007 йил Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан чоп этилган  “Ўзбек фотографиясига 125 йил” китоб антологиясига “Ҳосил қувончи” фотоасари киритилган.

Кўргазманинг очилиш маросимида Халима Худойбердиева номидаги она тили ва адабиёти фанини чуқур ўқитишга ихтисослаштирилган мактаб-интернат директори, атоқли шоир Мухаммад Исмоил, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Анорқул Бойбеков, Гулистон Давлат университети ҳамда шахар мусиқа ва санъат мактаблари талаба-ўқувчилари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Фоторассом Султонбой Деҳқонов: 

2008 йилда Тошкент фотосуратлар уйи қошидаги фотосанъат мактабини тамомлаган.

2008 йил – Бадиий академиянинг “Маҳалладан бошланур Ватан” республика фототанловида  Гран – при мукофоти соҳиби.

2009 йил – Тошкент шаҳрининг 2200 йиллигига бағишлаб ўтказилган  кўргазманинг  “Энг яхши фотопортрет асар” номинацияси ғолиби

2009 йил – Ўзбекистон Бадиий ижодкорлари уюшмаси аъзолигига қабул қилинган.

2010 йил – Бадиий академия,  Маданият ва спорт ишлари вазирлиги томонидан “Баркамол авлод” йилига бағишланган фототанловида “Энг яхши ғоя” номинациясининг ғолиби бўлган. 

2010 йил – “Калта минор ҳақида ўйлар” фотоасари Мўғулистон пойтахти Улан – Баторда Ўзбекистон маданияти кунлари доирасида ташкил этилган кўргазмада намойиш этилган.

2010 йил – “Ўзбекистон маданияти ва санъати форуми” томонидан ташкил этилган V халқаро фотосуратлар биенналесида иштирокчиси, “Умр манзараси” асари сертификат билан тақдирланган.

2016 йил – “Энг улуғ, энг азиз” республика анънавий танловида тасвирий санъат йўналиши ғолиби.

2017 йил –  “Бадиий фотографияда юрт мадҳи” бадиий публицистик китоби чоп этилган.

2019 йил – республика “Маърифат” газетаси ташкил этган “Фаслнинг энг яхши ижодкори” танловининг  “Жозибали фотосурат” номинацияси ғолиби.

Қораколпоғистон Республикаси, Фарғона  давлат  Ўлкашунослик музейида  фотоасарлари сақланади.

Шунингдек, Бадиий академия нашри “SAN`AT” журнали ва “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида замонавий ўзбек бадиий фотографияси тўғрисида кўплаб мақолалари чоп этилган. Мамлакатимиз бўйлаб – Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Шаҳрисабз, Бойсун, Ургут, Бахмал каби шаҳарларда ўзининг фотосюжети учун қаҳрамонлар излаб, ижодий сафарларда бўлган.

“Ўзбекистон Мустақиллигига 25 йил” эсталик нишони билан тақдирланган. Ҳозирги кунда эркин ижод билан машғул.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.