loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Халқаро онлайн анжуман бўлиб ўтди

Ҳозирда коронавирус пандемиясига қарши карантин сабабли мамлакатимиз таълим тизимида дарслар масофавий ташкил этилмоқда. Турли илмий анжуманлар онлайн тарзда ўтказилмоқда.

29 апрель куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “ЭГО-ХХ: Санъатдаги умуминсоний қадриятлар ва миллий ўзига хослик” мавзусидаги халқаро илмий-экспериментал онлайн конференцияси бўлиб ўтди.

Онлайн анжуманда иштирок этган Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов иштирокчиларни қутлар экан, конференциянинг нуфузи йилдан йилга ошиб бораётганига эътибор қаратди, келгусида янада юксалишига ишонч билдирди. Анжуманда иштирок этаётган санъатшунос, тадқиқотчиларнинг фикр-мулоҳазалари юртимиз тасвирий ва амалий санъати, дизайн соҳаси ривожи учун муҳим эканлигини, ёш олимлар учун бу каби халқаро анжуманлар тажриба мактаби бўлиб хизмат қилишини таъкидлади.

 

Анжуман Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси академиги, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, санъатшунослик фанлари доктори, профессор Акбар Хакимов модераторлиги остида “ZООМ” платформаси орқали амалга оширилди.

Нуфузли халқаро конференцияда 150 дан ортиқ маърузачилар ўз мақолалалари билан иштирок этишди. Юртимиз илмий жамоатчилиги билан бир қаторда Россия Федерацияси, Буюк Британия, Швейцария, Малайзия, Таиланд, Хитой Халқ Республикаси, Белорусия, Aрманистон, Қозоғистон, Тожикистон каби бир қатор хорижий давлатлардан ҳам олимларнинг иштирок этгани анжуманнинг юқори савияда ўтганидан далолат беради.

Aнжуманда санъатдаги умуминсоний қадриятлар ва миллий ўзига хослик тамойилларига алоҳида урғу берилгани ҳолда, амалий санъатда анъана ва инновациялар, моддий ва номоддий маданий меросга янги назар, дизайн эстетикаси ва технологияси, тамойиллар ва замонавий трендлар каби масалалар ҳам қамраб олинди.

Шу билан бирга конференция юртимизнинг ёш тадқиқотчиларига халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда дунё санъатида бугунги кунда кечаётган  илмий-ижодий жараёнлардан хабардор бўлиш имконини тақдим этди.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.