loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Юртимиз манзаралари рассомлар нигоҳида

Жаннатмакон юртимизнинг бетакрор чиройи, айниқса, олтин куз ва кумуш қишнинг турфа рангларга бой гўзал манзаралари ижодкорларга ўзгача илҳом бахш этади.

Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмаси ташаббуси билан жорий йилнинг октябрь-декабрь ойларида ташкил этилган  “Ўзбекистон манзаралари” акцияси доирасида  андижонлик ижодкорлар ҳам  фаол иштирок этди ва водийнинг кўз қувнатувчи жойлари, оппоқ қорга бурканган табиат гўшаларига ижодий сафарда бўлиб қайтдилар.

 Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзолари – Темиров Муроджон 1-3 октябрь кунлари Андижон меъморчилик мактабининг ўзига хос намунаси саналган  Жомеъ обидаси ҳудудида, Латибжон Сатматов 9-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқувчилари билан Андижон вилоятининг Хўжаобод туманидаги “Кўл” дам олиш ҳудудида бўлишди.

Рустамжон Ўразов ўз шогирдлари билан Жалақудуқ туманидаги Оламушук даҳасида, Расулжон Эсонов эса Олтой тоғ тизмаларининг шимолий тизимида жойлашган Фарғона вилоятининг энг чекка анклав ҳудуди ҳисобланган Шоҳимардон қишлоғида ижодий сафарда бўлдилар ва юртимизда куз-қиш фаслининг ўзига хос манзарасини мўйқаламда тараннум этдилар.

Сафарлар давомида ижодкорлар коллекциялари ижодий ишлар билан бойиди. Эндиликда мазкур акция якунига бағишлаб Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими ҳамда Андижон вилояти тарихи ва маданияти давлат музейи ҳамкорлигида “Ўзбекистон манзаралари” номли кўргазма ташкил этиш режалаштирилган.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.