loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Юрт манфаатига хизмат қилади

Бугун, 21 январь куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси  мазмун-моҳиятига бағишланган давра суҳбати ташкил этилди.

Давра суҳбатида дастлаб Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур сўз олди.

 —  Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномаси мамлакатимиз сиёсий ҳаётида уч йилдан буён анъанага айланган энг муҳим воқеа ҳисобланади.

 Парламентга ва шу орқали  халқимизга  йўлланган бу галги  Мурожаатномада ортда қолган 2020 йилдаги асосий кўрсаткичлар таҳлил қилиниши билан бирга жорий – Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йилига мўлжалланган  устувор мақсад ҳамда вазифалар белгилаб олинди.

 Таъкидлаш керакки, Президентимиз бу галги Мурожаатномасида халқимизнинг маданий-маърифий  ҳаётини юксалтириш, маданият ва санъат муассасалари фаолиятини жонлантиришга ҳам алоҳида тўхталиб ўтдилар. Белгиланган вазифалар  зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Ишончим комилки, қайд этилган  масалаларни амалга ошириш ишларига ўз ҳиссамизни қўшамиз, бунинг учун салоҳиятимиз етарли, — деди Бадиий академия раиси Акмал Нур.    

Тадбирда Тошкент давлат иқтисодиёт университети профессори, иқтисодиёт фанлари доктори Дилафрўз Носирхожаева иштирок этди ва Мурожаатномада белгиланган устувор мақсад ва  вазифалар тўғрисида маъруза  қилди.

—  Президентимизнинг навбатдаги Мурожаатномаси айтиш керакки, халқимиз, барча даражадаги ижро органлари, қолаверса жамоатчилик  билан  ўзига хос мулоқот бўлди.  Унда юртимизни тараққий эттириш, халқимиз фаровонлигини янада ошириш, Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтиришга қаратилган кўплаб масалалар белгилаб берилди, — деди ўз сўзида нотиқ. — Қайд этилган масалалар эса халқ ва Ватан  манфаатини кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичга чиқишига хизмат қилиши билан аҳамиятлидир.

Таъкидландики, ушбу Мурожаатнома бугунги мураккаб шароитда  юртимизда бошланган кенг қамровли ислоҳотлар, янги Ўзбекистонни барпо этиш сари ташланаётган қадамлар бардавомлигига дастуриламал бўлади.

Давра суҳбатида Бадиий академия марказий аппарати раҳбар ва ходимлари, “ZOOM” платформасида тизимдаги ташкилот ҳамда тасарруфдаги таълим муассасалари раҳбар-ходимлари иштирок этди. Ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олишди, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.