loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Энг улуғ байрамга бағишланган кўргазма

Ватанимиз мустақиллигининг 31 йиллик байрами арафасида, 26 август куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залида  “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз”  номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Кўргазмада академик рассомлар Жавлон Умарбеков, Файзуллахон Ахмадалиев, Сарсенбай Байбасинов, Владимир Бурмакин, Янис Салпинкиди, Ўзбекистон санъатида ўз ўрнига эга  таниқли мўйқалам усталари –  Мухаммадиёр Тошмуродов,  Валерий Енин, Виктория Трошина, Дилором Мамедова, Хуршид Зияханов, Татьяна Фадеева, Рустам Бозоров,Татьяна Ли, Ли Сафи Мария, Юрий Гребенюк, Нозимхўжа Абдусаломхўжаев ва бошқа бир қатор рассомлар, санъат усталарининг янги ижод намуналари –   рангтасвир, графика, кичик ҳажмдаги ҳайкалтарошлик ва декоратив амалий санъат асарлари ўрин олди.

Ижодкорлар ўз асарларида 31 йил ичида мамлакатимиз ҳаётида юз берган ўзгаришларни, гўзал Ватанимизга  муҳаббатларини ёрқин ва бетакрор буёқлар орқали ифода қилишган.

Графика бўлимида санъат ихлосмандлари  Анвар Мамажанов, Аслиддин Калонов ва бошқаларнинг бетакрор асарларини, декоратив пластикада Людвига Нестеровичнинг маҳорат билан ишланган асарлари, шунингдек, заргарлик буюмларини нозик дид билан  яратган Ирина Мухамедшина асарлари билан танишишлари мумкин.

Ушбу кўргазмада шунингдек, Наманган, Бухоро, Фарғона вилояти,  Қорақалпоғистон  рассомлари ҳам ўз ижод намуналари билан иштирок этмоқдалар.

Кўргазмага ташриф буюрган мухлислар 100 га яқин муаллифлар томонидан яратилган 250 дан зиёд ижод намуналаридан баҳра олишади.

Ушбу кўргазма жорий йилнинг 15 сентябрига қадар давом этади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.