loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ўзбекистонда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг асарлари тақдимоти ўтказилди

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонасида Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов асарларида маданият ва санъатнинг халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик алоқаларини мустаҳкамлашдаги аҳамиятининг ёритилишига бағишланган маънавий-маърифий тадбир ташкил этилди.

Маънавий-маърифий тадбирда мамлакатимиздаги таниқли маданият ва санъат намояндалари, ёзувчи-шоирлар, профессор-ўқитувчилар, Туркманистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
 
Маълумки, сўнгги пайтларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг олиб бораётган оқилона сиёсати натижасида қардош ўзбек ва туркман халқлари ўртасидаги ўзаро мустаҳкам ишончга асосланган ҳамкорликлар изчил ривожланиб бормоқда. Бунинг натижасида ўзбек ва туркман халқлари ўртасида барча соҳаларда бўлгани каби маданий-гуманитар йўналишдаги алоқалар ҳам бутунлай янги босқичга кўтарилди.
 
Мазкур анжуманда Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг қаламига мансуб “Маданият – халқнинг бебаҳо жавоҳири”, “Туркман маданияти”, “Тинчлик мусиқаси, дўстлик ва биродарлик мусиқаси”, “Бахши – халқ бахтининг даракчиси” китоблари ҳақида сўз борди.
Ушбу нашрлар нафақат мутахассислар, балки санъат ва ижод соҳаларига қизиққан ҳар бир киши учун аҳамиятлидир. Уларни ўқиган инсон Туркманистонни янада яқиндан танийди, яхшироқ тушуна бошлайди, сахий ва истеъдодли халқ яшайдиган бу ўлкани беихтиёр севиб қолади. 
Маъданий-маърифий тадбирда сўзга чиққанлар Туркманистон Президентининг китобларининг юксак бадиий ва илмий-оммабоп қимматга эга эканини алоҳида таъкидлади. Улар сўнгги пайтларда Ўзбекистон ва Туркманистон мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бораётгани ва ҳар иккала мамлакатда маданият, санъат соҳаларини янада юксалтиришга жуда катта эътибор берилаётганини мамнуният билан қайд этишди. Бу каби маънавий-маърифий тадбирлар икки халқни янада яқинлаштиришга хизмат қилиши ҳам алоҳида таъкидлаб ўтилди. 
Тадбирда ўзбек ва туркман миллий куй-қўшиқларидан намуналар ижро этилди.
 
ЎзА

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.