loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ўзбекистонда Япония маданияти кунлари

Бугун 25 май куни Ўзбекистон Бадиий академияси Икуо Ҳираяма Халқаро маданият карвон саройида Ўзбекистон Бадиий академияси, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, Икуо Ҳираяма Халқаро маданият карвон саройи, Ўзбекистон-Япония маркази, Тошкентдаги Япон чойини ичиш маросимини ўрганиш жамияти ва “Ўзбекистон-Япония” дўстлик жамияти ҳамкорлигида “Ўзбекистонда Япония маданияти кунлари” ҳафталигининг очилиши ҳамда анъанавий чой маросими намойиши  бўлиб ўтди.

“Япон кимоноси” кўргазмаси
Икуо Ҳираяма Халқаро маданият карвон саройининг коллекциясида 60га яқин эркак ва аёллар кимонолари сақланиб келади. Япон халқининг миллий либоси бўлган кимоно Японияда жуда қадрланади.
Япон тилида “кимоно” сўзи “кийим”, аниқроғи “ёфуку” деб аталади. “Кимоно” сўзи умумлашган тушунча бўлиб, унинг бир нечта турлари мавжуд: эркак ва аёллар, уйда ва тунда кийиладиган. “Кимоно” ва “оби” қадимда жуда қиммат шойи, креп – шойи, сатин матоларидан тикилган. Замонавий кимоно эса нисбатан арзон ва тежамли бўлган креп-сатин, пахта, полиэстр ва бошқа синтетик газламалардан тайёрланади.
Кимоно гуллари жуда ранг – баранглиги ва аҳамиятлилиги билан ажралиб туради.

Масалан, пионгуллар – бойлик ва ёруғлик рамзи бўлса, тўй либослари эса келин чиройига чирой қўшади.
Гулсапсар гуллари туширилган кимонолар эркакларнинг куч – қудратидан далолат беради. Хризантемалар – Япониядаги императорлар оиласидан эканлигини билдиради.
Сакура гуллари – гўзаллик ва умр ўткинчи эканлигини эслатиб туради. Заранг дарахти барглари эса фақат куз фаслини эмас, балки, қишнинг бошланганидан ҳам дарак беради. Кимоно ранглари жуда муҳим аҳамиятга эга.

Мсаслан, қора ранг – сув, шимол, қиш ва донишмандликдан далолат беради.
Зангори бинафша ранг – абадий севги рамзи сифатида қадрланади.
Қизил ранг эса – ёшлик ва дилбарлик белгисидир.
Кўк ранг – тирик жонзотлар, илондан тортиб, қурт – қумурсқаларгача рамз сифатида ифодалайди.
Рўян – илдизидан бўёқ олинадиган ўсимлик бўлиб, бу аччиқланиш, ғамгинлик, лат ейиш ёки фалажликни билдиради.

“Япон қўғирчоқлари ва елпиғичлари” кўргазмаси

Қачонлардир инсонлар баъзи қўғирчоқларнинг тирик эканлигига ишонишган ва шу сабаб ҳам уларни ҳалигача ардоқлаб келишади.
Японияни тез–тез “ўн минг қўғирчоқли мамлакат” деб аташади. Қадимдан қўғирчоқлар эгасини бало – қазолардан асрайдиган ёки унга омад ва завқ, тумор каби ардоқланган.
Япон анъанавий қўғирчоқлари “нингё” деб аталади. “Нингё”ни  “одам шакли” деб аташ ҳам мумкин.
Япон элпигичларидан 60га яқини кўргазмада намойиш қилинмоқда.
Елпиғичлар ўзига хос бежирим ва мафтункор. Японияга елпиғичлар Хитойдан кириб келган. Эҳтимол, японлар илк бор елпиғичларни Японияга ташриф буюрган корея шаҳзодаларида кўрган бўлиши мумкин. VI-VII асрларда қоғоз ва ипак толали елпиғичлар машҳур бўлган. Хитойдан олиб келинган елпиғичлар аста – секин янги шаклга ўтиб борди ва илк япон елпиғичлари пайдо бўлди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.