loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг умумий Бошқарув йиғилиши бўлиб ўтди.

Уюшма аъзолари, шўъбалар, ҳудудий бўлимлар раҳбарлари қатнашган кенгайтирилган йиғилишда Ўзбекистон Бадиий академияси Бадиий ижодкорлар уюшмасининг 2022 йилдаги фаолият ҳисоботи, йил якуни бўйича Уюшма вилоят ва шўъба бўлимлари ҳисоботи тингланди, Уюшма аъзолигига тақдим этилган янги номзодларни қабул қилиш ва фаолиятга оид бошқа масалалар кўриб чиқилди.Тадбирда ЎзБИУ раиси Иброҳим Валихўжаев миллий тасвирий санъатимизни ривожлантириш юзасидан йил давомида амалга оширилган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.

— Якунланаётган йил давомида Бадиий ижодкорлар уюшмаси томонидан Ўзбекистон Бадиий академияси кўргазма залларида, Тасвирий санъат галереясида, уюшманинг вилоят бўлимлари галерея ва кўргазма залларида 210 дан зиёд кўргазма, 117 та шахсий кўргазма, бадиий ва хотира кечалари, 124 та маҳорат дарслари, 100 дан ортиқ ижодий учрашув, 25 та кўрик-танлов, 5 та фестиваль, 6 та китоб тақдимоти, 10 та ёшларга оид маънавий-маърифий тадбир, 2 та халқаро пленэр, 4 та республика, 50 га яқин худудий пленэрлар ташкил этилди. Халқаро алоқаларни мустаҳкамлаш, хориж ва ўзбек рассомлари ижодий мулоқотини кенгайтириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. Жумладан, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси ва Тожикистон Рассомлар уюшмаси ўртасида Ҳамкорлик битими – Меморандум имзоланди, Тожикистон рассомларининг кўргазмаси уюштирилди.

Халқлар дўстлиги куни (30 июль) муносабати билан Хива шаҳрида “Дўстлик” ҳалқаро пленэри муваффақиятли ўтказилди. Унда Қозоғистон, Қирғизистон ҳамда юртимиз рассомлари иштирок этди. Жорий йилда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Самарқанд саммити олдидан “Самарқанд руҳи” лойиҳаси доирасида август-сентябрь ойларида “Самарқанд-2022” – Халқаро ҳайкалтарошлик симпозиуми ўтказилди. Мустақил Ўзбекистонда биринчи марта ташкил қилинган мазкур халқаро симпозиум муҳим маданий воқеа сифатида из қолдирди.

Йил давомида Уюшманинг хусусан, “Халқ амалий санъати”, “Рангтасвир”, “Санъатшунослик”, “Фоторассомлар”, “Театр ва кино”, “Ҳайкалтарошлик” шўъбалари фаол бўлди. Эришилган ютуқларда Уюшма аъзолари қаторида, ушбу шўъбалар ҳамда ҳудудий бўлимларнинг ҳиссаси каттадир. Уюшма нафақат мамлакатимиз, балки хорижда ҳам миллий санъатимиз ютуқларини кенг тарғиб қилишда қизғин давом этади,— деди И.Валихўжаев. Йиғилишда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур иштирок этди.

— Давлатимиз раҳбари миллий тасвирий санъатимизни янада ривожлантириш, соҳа вакиллари, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бой санъатимизни замон билан ҳамнафас тарзда хорижга ҳам танитишга катта эътибор қаратмоқда. Бадиий ижодкорлар уюшмасининг моддий-техник базаси ҳам такомиллашиб бормоқда. Жорий йилда эришилган ютуқлар салмоқли. Лекин ҳали қилинадиган ишлар кўп. Ечимини кутаётган муаммолар ҳам бор.Уюшма аъзолари томонидан ташкил этилаётган кўргазмалар сифатини ошириш, том маънода халқимиз, ёшлар маънавиятини бойитишга хизмат қиладиган асарлар билан майдонга чиқиш – бирламчи вазифамиздир, — деди Бадиий академия раиси.Йиғилиш кун тартибига мувофиқ, делегатлар овози асосида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасига номзодлар кўриб чиқилди ва аъзоликка тавсия этилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.