loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ўзбекистон халқ рассоми, академик билан ижодий учрашув

11 октябрь куни Ўзбекистон Бадиий академияси анжуманлар залида Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти томонидан  Ўзбекистон халқ рассоми, академик Акмал Нуриддинов билан “Кўнгил мусаввири” деб номланган ижодий учрашув ташкил этилди.

Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Акмал Нуриддинов ижоди билан яқиндан танишиш, рассом ижодининг асосий босқичлари, фаолиятидаги асосий хусусиятлар, услубий ўзгаришларни таҳлил этиш, ёш санъатшунослар ва рассомлар, тадқиқотчиларда замонавий жараёнлар ҳақида кенгроқ тасаввур уйғотиш мақсадида ташкил этилган мазкур ижодий учрашувда институт профессор-ўқитувчилари, ёш санъатшунослар, рассомлар, докторантлар, мустақил тадқиқотчилар, магистрлар ва санъатшунослик, музейшунослик йўналишлари битирувчи курс талабалари иштирок этишди.

Очиқ мулоқот тарзида ўтказилган тадбирда Акмал Нуридинов  Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатида самарали фаолият кўрсатиб келаётган ижодкор, ушбу соҳада ҳам ижодий, ҳам ҳаётий тажрибага эга етук рассом сифатида ўз ўрнига эга эканлиги ҳақида фикр мулоҳазалар билдирилди. Шуни қайд этиш лозимки, рассом ижодидаги ўзига хос услуб, мавзу, рамзий белгилар семантикаси ва ранглар гаммаси санъатшунос мутахассисларда катта қизиқиш уйғотган ва кўплаб илмий мақолалар, тадқиқотлар учун объект бўлиб хизмат қилган.     Тадбирда  институт  I курс магистранти Ширин Сиддиқованинг “Акмал Нур ижодида муҳаббат мавзуси” номли тақдимот-маърузаси тингланди.

Учрашувни номлашда ҳам рассом ижодидаги айнан шу жиҳатларга эътибор берилди. Зеро, рассом ижодида шеърият, миллий мумтоз мусиқа, халқ маданий мероси такрорланмас ранглар жилосида жилваланади.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.