loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Қўшма экспедиция кўргазмаси

Кейинги йилларда Ўзбекисон Республикаси ва Чехия Республикаси ўртасидаги муносабатлар фаоллашди ва ўзаро ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди. Ўтган даврда мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида мустаҳкам дўстлик, ўзаро ҳурмат ва эҳтиром анъаналарига асосланган самимий ва самарали ҳамкорлик шаклланди. Турли соҳаларда очиқ ва амалий мулоқот фаол давом эттирилмоқда, савдо-иқтисодий алоқалар, маданият ва таълим соҳаларида мазмунли алмашинувлар изчил ривожланмоқда.25 апрель куни Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Академия” галереясида очилган «Чехия-Ўзбекистон археологик экспедициясининг 20 йиллиги» номли кўргазма ҳам икки томон ўртасида ўрнатилган дўстлик ва конструктив муносабатларнинг, тўғридан-тўғри мулоқотнинг амалдаги ифодасидир.


2002 йилдан буён Чехия-Ўзбекистон қўшма археологик экспедицияси Karl университети (Прага) ҳамда Термиз давлат университети ҳомийлигида Ўзбекистон жанубидаги Сурхондарё вилоятининг турли ҳудудларида мунтазам равишда археологик дала тадқиқотлари олиб борилмоқда. Шеробод воҳаси археология ёдгорликлари 10 йил (2002-2011 йй.) давомида ўрганилди, жумладан, Жандавлаттепада олиб борилган қазишмалардан сўнг Кўҳитангтоғ ва Бойсунтоғ этаклари, 2021 йилдан эса Жарқўрғон тумани археологик харитасини тузиш, ёдгорликларнинг хронологик эволюциясини ўрганиш ишлари бошланди.Халқаро гуруҳ Шарқий Кўҳитангтоғ олди даштлари археология ёдгорликлари ва уларнинг жойлашув динамикаси ҳақидаги маълумотларни тўплаш мақсадида тадқиқот ишларини олиб борди. Асосий эътибор Бургут қўрғон, Кайриттепа, Боболангар, Искандартепа, Даханаи жом, Мирзаали, Қарчиғай каби ёдгорликларда геоархеологик қазишмалар ўтказишга қаратилди.


Ўрта Осиё жанубида асрлар оша тарихий манзара қандай ўзгарган? Ўтмишда маҳаллий аҳоли табиий ландшафтдан қандай фойдаланган? Сурхондарё тоғолди ҳудудлари қайси даврдан бошлаб ўзлаштирилган ва инсонларнинг эволюцион ривожи қандай кечган? Искандар Зулқарнайн юриши даврида маҳаллий аҳолининг манзилгоҳлари қаерларда жойлашган эди? Дарбанд деворининг қурилиш даври ва тўғри санаси қайси? Бақтрия-Сўғд чегараларидаги эллин даври ёдгорликлари, Чингизхонгача бўлган ўрта асрларда Кўҳитанг чўққиларидаги аҳоли пунктларининг ҳолати… Чехия-Ўзбекистон қўшма археологик экспедицияси ушбу саволларга сўнгги 10 йил давомида жавоб излади. Кўргазма экспозициясидан жой олган осори атиқалар шу каби саволларга жавоб беради.Қўшма экспедиция 2015-2018 йилларда Кўҳитангтоғ ёнбағрида, Шеробод туманининг Зарабоғ, Қорабоғ, Кампиртепа, Майдон, Ғоз, Шалқон ва Қизилолма қишлоқлари атрофида, тахминан 200 минг квадрат метр ҳудудни эгаллаган майдонда, қадимги деҳқончилик ҳудудларида тизимли дала тадқиқот ишларинини бажарди. Натижада 277 та артефакт, археологик далиллар асосида воҳанинг эволюцион ривожланиш ҳолатига аниқлик киритилди.
Кўргазмада ўтган даврда олиб борилган илмий фаолият ва уларнинг натижаси археологик топилмалар намуналари, матнли паннолар, археологик қазилмалар режалари, Термиз археология музейидан олиган қадимий топилмалар, тадқиқот жойларидан фотосуратлар мисолида намойиш этилмоқда.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.