loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ҳамдардлик

Таниқли рангтасвирчи рассом, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ўзбек тасвирий санъати ривожига салмоқли ҳисса қўшиб келаётган Нодир Имомов 62 ёшида Тошкентда оламдан ўтди.

Имомов Нодир Комилович 1959 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Дастлаб П.Беньков номидаги рассомлик билим юртида таълим олди, 1984 йилда Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тамомлади.

1987 йилдан буён Ўзбекистон ва хорижда мунтазам шахсий кўргазма ўтказиб, баракали ижод қилаётган рассом эди.

Рассом яратган “Бўса” (1993й.), “Чошгоҳ” (1999 й.), “Сирли овчи” (2000 й.), “Овчи” (2010 й.), “Ҳаёт учун эмас, балки ўлим учун” (2015 й.), “Саксовул гули” (2017 й.) сингари ва бошқа асарлар мухлислар қалбидан жой эгаллаган.

Н.Имомов мўйқаламига мансуб асарлар юртимиздан ташқари Россия, АҚШ, Германия, Италия, Австрия ва бошқа давлатлар музей фондлари ёки хусусий колекцияларда ўрин олган.

Рассом 2018 йил декабрида Тошкент фотосуратлар уйида “Саксовул гули” номли шахсий кўргазмасини тақдим этди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раҳбарияти ва жамоаси рассом Нодир Комилович вафоти муносабати билан марҳумнинг оила-аъзолари, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради, шундай оғир дамда Яратгандан сабр тилайди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.