loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ҳамкорлик ривожланмоқда

Жаҳондаги етакчи бадиий академиялар, ушбу йўналишдаги таълим муассасалари, ташкилотлар, атоқли маданият ва санъат арбоблари билан илғор тажриба алмашиш мақсадида ҳар томонлама ижодий ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш, шунингдек, тасвирий ва амалий санъат, дизайн, халқ ҳунармандчилиги соҳаларида юқори малакали мутахассислар тайёрлаш учун Бадиий академия тизимидаги таълим муассасаларининг фаолиятини хорижий тажриба асосида такомиллаштириш  Ўзбекистон Бадиий академиясининг асосий вазифалари сирасига киради.

Кейинги йилларда Ўзбекистон Бадиий академияси халқаро миқёсда ўз салоҳиятини ошириш ва ўзаро ижодий мулоқотни кенгайтиришга катта эътибор қаратмоқда. Корея Республикасининг Кемёнг университети билан йўлга қўйилган ҳамкорлик алоқалари бунинг амалдаги ифодасидир.Кемёнг университети президенти Син Ил Хи 2018 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясининг фахрий хорижий аъзолигига қабул қилингани ҳам ижодий алоқалар тобора мустаҳкамланиб бораётганидан далолат беради.

Айтиш керакки, Жанубий Кореянинг етакчи хусусий университетларидан бири бўлган  Кемёнг университети 1899 йилда Тэгу шаҳрида ташкил этилган, 32 та бакалавриат ва 13 та магистратура факультетлари, 34 та ихтисослашган, шу жумладан, бадиий ижод бўйича институтлари бор.Кемёнг — дунёнинг кўплаб давлатлари қаторида Ўзбекистон Бадиий академияси тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти билан таълим соҳасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатган.

Жорий йилнинг 18-23 март  кунлари  мазкур таълим даргоҳи президенти Син Ил Хи  таклифига мувофиқ  Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур Корея Республикасининг Сеул ва Тэгу шаҳарларига хизмат сафарини амалга оширди. 2022 йилда Ўзбекистон ва Корея ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганига 30 йил тўлади.

Ушбу муҳим сана муносабати билан Кемёнг университетининг Ипак Йўли ва Марказий Осиё маркази томонидан Наврўз ва Ўзбекистон маданиятига бағишланган семинар ва фестиваль ўтказилди.Мазкур тадбирларда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур иштирок этди ва маъруза қилди.

Ташкил қилинган тантанали маросимда Кемёнг университети президенти Син Ил Хи Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нурга бадиий таълим соҳасида ўзаро алоқаларни ривожлантиришга, ижодий мулоқотни кенгайтиришга қўшаётган юксак ҳиссаси учун Кемёнг  университети  фахрий доктори унвонини топширди.Дарҳақиқат, Ўзбекистон Бадиий академияси ва Корея Республикасининг Кемёнг университети ўртасида бадиий таълим, ижодий алмашинув борасида салмоқли ишларга қўл урилаяпти.

Кемёнг университети қошидаги Хэнгсо музейида Ўзбекистон рассомлари ижодий ишлари кўргазмаси ўтказилган бўлса,  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти  билан либос дизайни йўналиши бўйича Қўшма Таълим Дастурини амалга оширишга оид келишув меморандуми имзоланган.Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг Маҳобатли рангтасвир кафедраси профессори, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Баҳодир Жалолов мазкур меморандумга биноан Кеимёнг институти таклифига кўра мазкур институтда кореялик талабаларга тасвирий санъатдан сабоқ бериб қайтди.

COVID-19  пандемияси туфайли  ҳамкорлик доирасидаги ишлар  ортга сурилди. Эндиликда ўзаро мулоқотлар яна жадаллашмоқда.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.