loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ҳаракатдаги тасвир манзаралари

Тасвирий санъат шундай кенг дунёки, унинг ҳар бир йўли ўзгача ва бу йўлларнинг ўз собит йўловчилари бор. Миниатюра, маҳобатли рангтасвир, дастгоҳли рангтасвир, ҳайкалтарошлик, графика, сценография – буларнинг барчаси алоҳида сирлари ва жозибасига эга бўлган ижодий дунёдир. Рассомлик санъатининг бир тармоғи бўлган сценография ўзининг туб моҳиятига асосланган ҳолда бевосита санъатнинг театр, кино соҳалари сарҳадлари билан ҳам туташади.

Сценограф рассомлар ижоди нафақат кўргазма залларида, балки, театр саҳналари, киноэкранларда ҳам томошабин билан мулоқотга киришиш имкониятига эга. Гордон Крег, Лев Бакст, Александр Головин, Рок Крис, Милий Виноградов, Георгий Брим, Таир Салахов сингари кўплаб сценограф рассомлар ижоди ўз даври саҳна санъати билан боғлиқликда юзага келгани ҳолда, унинг бадиий камолотига жиддий таъсир кўрсатган.

Ўзбекистон замонавий тасвирий санъатида ҳам мазкур ижодий турнинг ўзига хос мактаби ва шу мактаб анъаналарини янгича нигоҳларда кўриб, давом эттириб келаётган ижодкорлар мавжуд.
Сценография қайсидир маънода, рассомликнинг хос соҳаси. Мазкур соҳага ўз истеъдодини сафарбар этишга чоғланган ва бу борада эътиборга молик ишлари билан ижод аҳли назарига тушган ёш рассомлар бор.
Театр ва кино рассоми Санъат Кенжаев ушбу соҳага дадил кириб келиб, меҳнати ва изланишлари билан ўз йўлини яратаётган ёш сценографлардан бири ҳисобланади.

С.Кенжаев тасвирий санъат борасидаги дастлабки билимларини Навоий вилоятидаги тасвирий ва амалий санъат лицейида олган. 2009 йили Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Театр безаги” йўналишини тугатган, 2015 йили “Кино рассоми” йўналишида магистрлик даражасини олган. У мазкур таҳсил йиллари давомида тасвирий санъат сир-асрорларини, турли ижодий техникалари битлан бирга классик драматуригяни, театр ва саҳна, кино ва тасвир тушунчасининг барча нозик тарафларини ўрганди.

Рассом ўрганган билимларини ижодга тадбиқ қилишни талабалик йилларидаёқ бошлаб, қатор асарлари билан соҳа вакиллари ва санъатшунослар эътирофига сазовор бўлган. Айни шу даврда талабалар ўртасидаги турли кўргазмаларда, шуингдек, анъанавий тарзда ҳар йили ўтказиладиган “Табиат ва рассом” номли кўргазмада доимий қатнашган. 2009 йили Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида илк шахсий кўргазмаси ўтказилган.

Иқтидорли рассом бугунги кунда рангтасвир, театр ва кино соҳаларида фаол ижод қилиб келмоқда. Унинг ҳозирга қадар чизган ижод намуналарида асосан икки услубий жиҳат – тарихий-батал жанри ва турфа миллий-бадиий мавзулардаги реалистик асарлар етакчилик қилади. Санъат Кенжаевнинг кино эскизлари асосан тарихий мавзуда бўлиб, кўпроқ тарихий персонажларга ва тарихий воқеаларга бағишланган. Жумладан, “Жалолиддин Мангуберди” фильми учун чизилган эскизи мазмунан кўламдорлиги, тасвирий пухталиги билан киши эътиборини тортади. Унда қамалга олинган шаҳар ва қалъани ишғол этаётганлар, уларнинг тош отар қуроллари шарпамонанд кўринишда панорама услубида ифода этилган. Манзарада ҳаракатни ифода этувчи деталлар-ёнаётган қалъадан чиқаётган тутун, тош отар қуроллар конструкциялари ва шаҳар деворлари томон ошиқаётган аскарлар (ёғийлар) тўлақонли реалистик акс эттирилган.

Шу фильм учун яратилган яна бир эскизида эса фазовий кенглик кино экран форматида ўтовлар, байроқлар ва воқеа маркази пухта ташкил этилган. Биринчи пландаги байроқ ва декоратив белгилар фазовий чқурликни яхши ташкил этган. Кинода ҳаракат муҳим бўлгани каби рассом тасвирлаган унсурлар ҳаракат жозибасини акс эттиришга қаратилган.

Кенжаев картиналари шарқона руҳ илан суғорилган бўлиб, уларда халқчиллик ёрқин ранглар, мазмундор сюжетларда тасвирланган. “Азон”, “Орзу”, “Қўшнилар”, “Шарқ-Ғарб ва Александар Македонский” каби асарлари рассом ижодининг энг яхши намуналаридир.

Санъат Кенжаевнинг қизғин илҳом манбаи, табиийки, аввало, табиат, инсон, сиру сеҳрга тўла ҳаёт. Буни рассомнинг ўзи шундай содда ва самимий эътироф этади: “Мен қоғозга турли ранглар беришни, ҳар хил чизгиларни чизиб кўришни яхши кўраман. Устозларим менга образ топмоқучун ҳаётни жиддий кузатиш керак, деб ўргатишган. Шунинг учун атроф-муҳитни ўрганаман, инсонларни кузатаман, табиат манзараларидн илҳом оламан. Ўзбекистон битмас-туганмас илҳом манбаидир. Бу ерда жуда кўп ранглар, иссиқлик ва қуёш нури бор, атрофда ҳаёт қизийди, ёруғлик ва соя бир-бири билан ўйнашади. Ижод аҳли учун бундан ортиқ яна нима керак!”

Рассомнинг ижод намуналари устахонада, танҳоликда яралади, бироқ, ғоялар бевосита халқ оралаб, кундалик ҳаётнинг қай бир жабҳасига ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди. Аслида ижод, санъат шуниси билан тирик.

Санъат Кенжаев сценограф рассом сифатида бир қатор саҳна асарлари, кинофильмлар яратилишига ўз ҳиссасини қўшган. Жумладан, 2012-2017 йилларда Ўзбекистон давлат Ёшлар театрида саҳналаштирувчи рассом сифатида меҳнат қилиб, қатор спектаклларнинг бадиий декорациясини яратган. Бугунги кунда фаол ижод қилаётган кўплаб кино режиссёрлари томонидан суратга олинган бадиий фильмларнинг тасвирий ечимида унинг изланишлари акс этган.

Қолаверса, ҳар йили ўтказилдагина Мустақиллик ва Наврўз байрамларида безакчи рассом сифатида доимий иштирок этиб келмоқда. Республика миқёсида ўтказиладиган тасвирий санъат кўргазмаларида ижод намуналарини томошабинга тақдим этиб келмоқда. 2014 йили Ўзбекистон Бадиий академияси томонидан ташкил этилган Тасвирий ва амалий санъат ҳафталигида, 2017 йили Греция маданият маркази томонидан ўтказилган “Искандар ва Роксана” кўргазмасида қатнашиб, муносиб эътирофларга сазовор бўлди.

Санъат Кенжаев ҳозирги кунда бадиий изланишларга бақамти равишда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида талабаларга сценорафия санъатидан сабоқ бериб келмоқда.

                                                                                                                            Шаҳноза ҚОСИМОВА,
Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти катта ўқитувчиси.

( “Жаҳон адабиёти” адабий-бадиий, ижтимоий-публицистик журналининг 2019 йил ноябрь сонидан олинди.)

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.