loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

«Ҳилолия» гуруҳининг кўргазмаси

Тошкент фотосуратлар уйида  Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида таҳсил олаётган ҳамда  битирувчи қизларидан ташкил топган «Ҳилолия» ижодий гуруҳининг илк  «Нигоҳ» деб номланган ижодий кўргазмаси бўлиб ўтди. Тадбирни  Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур очиб берар экан,  мазкур кўргазма бошқаларидан тубдан фарқ қилиши, негаки, тасвирий санъатда ижод қилаётган хотин-қизлардан иборат ижодий гуруҳнинг ташкил этилишининг ўзи юртимизда аёлларга яратилаётган эътибор ва ғамхўрликнинг натижаси эканлигини, ўз ўрнида Ўзбекистон Бадиий академияси ушбу ижодий гуруҳ аъзоларини қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканлигини таъкидлаб, гуруҳ аъзоларининг келгусидаги ижодига улкан зафарлар тилади.Институтнинг Ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича проректори Ботир Сангиров ҳам ёш ижодкорларга омад тилар экан, аввало, бугунги кўргазма янги ижодий гуруҳни оммага кенг танитишидан ташқари, асарлардаги мавзу ва унинг долзарблиги жиҳатдан ҳам санъат ихлосмандлари учун ўзига хос янгиликлар тақдим этаётганини алоҳида қайд этди ҳамда ижодкорларга институт  дипломини топширди.

Экспозицияда ижодий гуруҳнинг 16 та иштирокчиси томонидан 100дан ортиқ асарлар намойиш этилди.

Тақдим этилган асарлардан шуни кўриш мумкинки,  гуруҳнинг ҳар бир аъзоси ўзининг «мен»ини топишга ҳаракат қилган.   Барча ижодий ишлар композиция, техника ва турли ижролардан иборат.

Ушбу кўргазма «Ҳилолия» ижодий гуруҳига 16 нафар истеъдодли рассомнинг жалб қилиниши натижасидир. Кўргазма куратори Гулноз Жалолова (Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти таянч докторанти ва ўқитувчиси)  бу кўргазмани ташкил этишда ёрдамларини аямаган Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда институт раҳбариятига гуруҳ аъзолари ва ўз номидан миннатдорчилик билдириб ўтди. Кўргазмада тақдим этилган ишлар юқори сифатлилиги  билан ажралиб турди. Рассомлар турли жанр ва мавзуларда, масалан, портрет, натюрморт  жанрларида ижод қилишларини намоён этишди. Шунингдек, экспозитцияда театр саҳнаси учун асарлар ва компьютер графикалари ҳам мавжуд. Ушбу кўргазмада томошабинлар янги санъат авлодининг  ижодига баҳо беришлари мумкин.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.