loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ҳўқанди латиф оҳанглари

Бугун, 4 август куни Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Турон фанлар академиясининг фахрий академиги, Ўзбекистон Бадиий академияси кумуш медали соҳиби, таваллудининг 80 ёшини қаршилаётган рассом Турсунали Аҳмадалиевнинг “Ҳўқанди латиф оҳанглари” номли шахсий кўргазмасининг очилиши бўлиб ўтди.

Турсунали Аҳмадалиев узоқ йиллардан буён санаът оламида  ижод қилиб келмоқда.
Рассом нафақат ижодий, балки ижтимоий-маданий фаолият ҳам олиб бориб, 1999 йилда кам таъминланган ва имконияти чекланган болалар учун “Иқтидор” ижод марказини ташкил этди ва  ушбу ижодий мактабда  ишлаб келмоқда. Марказ айнан кичик ёшдаги болаларга сабоқ бериб, улар ижоднинг турли соҳаларини эгаллашларида ва ўзларини топишларида хизмат қилиб келмоқда. Т.Аҳмадалиев ва унинг жамоаси болаларга рангтасвир, графика, бадиий гилам тўқиш (гобелен), кандакорлик, зардўзлик, ҳайкалтарошлик сингари кўплаб санъат турларини ўргатиб келишмоқда.

Устоз бу  ишларидан ортиб рангтасвир, графика асарлари ва муҳим ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик плакатлар ижод қилиб келмоқда. Бугунги кўргазмада улар ишлаган жуда кўп сонли ишларидан намуналар намойиш қилинмоқда. Рангтасвир асарларининг аксариятини ҳажми йирик бўлиб, уларда инсонни улуғлаган меҳнат мавзуси, водийга хос гўзал манзаралар, инсон қўли билан яратган йўл қурилмалари инсон билан уйғунликда, унга қиёсий ишланган.  Водийнинг сўлим гўшалари, ундаги баҳорнинг жарчилари қалдирғочлар ва нафосат рамзи гулларга уйғунлаштирилиб янада тароватли кўриниш олади. “Ҳўқанди латиф оҳанглари” рангларнинг турли туслари ва градацияларида мусиқий симфония каби жаранглайди. Ранглар ечими композиция ечимига қатийян бўйсундирилган ва бу маҳорат табиатнинг латиф ва вазмин қиёфасини забардастлик ва устамонлик билан томошабинга ҳавола эта олган.

Водийнинг дарға ижодкорлари, меҳнати билан элни ҳурматига сазавор бўлган созанда ва артистлари, имконияти чекланган бўлса-да, имкониятлилардан ортиқ матонат кўрсатаётган ижодкор ёшларининг ижод завқи ва машаққатини биргаликда туйган устоз-мураббий Турсурали Аҳмадалиев мўйқаламида умумлаштирилган ҳолда мужассам этилади.

Т.Аҳмадалиевнинг графика асарлари ва плакатларида қаламтасвир нафосати бўй кўрсатади. Мавзулар турли-туман, улар ҳам ижтимоий ҳам сиёсий аҳамият касб этади. Оддий қаламда чизилган бу ишлар мавзуларининг бугунги кунда ҳам долзарблиги, инсонни улуғланиши билан муҳимдир. Рассомнинг графикаларида кўпроқ она ва бола, аёл ва гул мавзулари нозик чизиқларда талқин этилган бўлса, плакатларда ҳолат аксикча. Ижодкор ўзининг ҳажвий плакатларида айни кундаги муҳим муаммоларни: мумтоз ҳажв, кинояли ҳажв, ўткир сюжетли ҳажв, комик ҳажв сингари жанрларда кенг фантазиялар диапозонида, танқидий талқин қилади. Талқин мавзуси қанчалар муҳим ва маҳорат билан очиб берилган бўлса, ундаги киноя ва истеҳзоли кулги чизиқлари шунчалар қатъий ва кескиндир.

Кўргазмада рассомнинг100 дан зиёд рангтасвир, графика асарлари ва ижтимоий-сиёсий плакатлари тақдим этилди. 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.