loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рассом таваллудининг 100 йиллиги

Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Академия” галереясида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, рассом  Тачат Оганесов таваллудининг 100 йиллигига бағишланган кўргазманинг очилиши ҳамда рассом каталоги тақдимоти бўлиб ўтди.

ХХ асрнинг ўрталари Ўзбекистон тасвирий санъатида миллий рангтасвир мактабининг шаклланиши, янги жанрларнинг пайдо бўлиши, академик реализмнинг тасвирий ва пластик тамойилларининг кучайиши билан ажралиб туради.

Мазкур даврда Р.Ахмедов, М.Саидов, Т.Оганесов, Н. Қўзибоев, В.Зеликов, Ю.Елизаров каби истеъдодли рассомлар мамлакатимиз тасвирий санъат ижодкорлари сафини янада тўлдирдилар. Мана шу гуруҳ ўзбек рангтасвир мактабини шакллантиришда янги ва муҳим босқичга кўтаргани диққатга сазовордир.

Тачат Оганесов миллий рассомлик мактабини мустаҳкамлаш, унинг пластик тилини бойитиш жараёнига салмоқли ҳисса қўшган рассомдир.Оганесов Тачат Амаякович 1922 йил 1 февралда Арманистоннинг Налбанд қишлоғида туғилган. 1937 йилда онаси фарзандлари билан бутунлай Тошкент шаҳрига кўчиб келади. Тошкентда Тачат Оганесов арман мактабида ўқиб, кечки пайт рассомчилик мактабига ижодиёт уйига борарди

1953 йилда “Пахта йиғувчи машинанинг кашфиётчилари” номли диплом ишини ҳимоя қилади. Сўнг Тошкентга қайтади. Унинг асарлари ҳар йили кўргазмаларда намойиш этила бошлайди. Тачат бутун ижодини иккинчи Ватанга айланган, унинг оиласини қабул қилган Ўзбекистонга бағишлайди.Оганесов жуда кўп асарлар жумладан, портретлар, пейзажлар, сюжетли композициялар яратади. Бу унинг ижодининг юқори чўққиси ҳисобланади. Ижодининг биринчи йилларида Оганесов диплом мавзуси — “Пахтакорлар” композицияси устида ишлаб, уни янада мукамаллаштиришга ҳаракат қилади.Унинг асарларида қобилиятли колорист, моҳир рангтасвир устаси, вазмин, совук тусларни хуш кўрган ижодкорни кўриш мумкин. Ўтган асрнинг 50-йилларида ишлаган портретларида рассом ҳикоявийлик элементларидан воз кечиб, қаҳрамоннинг индивидуаллигини очишда образли талқинга мурожжат қилган.

 

Ўз касбини сидқидилдан яхши кўрадиган, келажакда ўз ишининг моҳир устаси бўлишни орзу қиладиган талабаларга ёрдам беришни бурч, деб билган. Талабаларга нисбатан ҳар қанча талабчан бўлмасин, ҳеч қачон уларга каттик гапирмас, жеркимас, худа-беҳудага койимас эди. Аксинча, талабаларнинг кўнглини кўтаришга, далда беришга ҳаракат киларди. “Энг муҳими, рассом руҳий тушкунликка тушмаслиги керак”, деб тез-тез такрорлаб турадиган гаплари шогирдлари учун шиорга айланиб колганди.

Тачат Оганесов Тошкентдаги рассомлик институтида 29 йил дарс берган. 8 йил ўтгач у доцент ва яна 4 йил ўтгандан сўнг кафедра мудирига айланди. 57 ёшда Тачат Оганесов профессор унвонини олди. 1962 йилда ёш пайтларида келганида институтда кучли устозлар жамоаси шаклланган эди. Шу жумладан, Санкт-Петербургдаги И.Е. Репин номидаги рангтасвир, ҳайкалтарошлик ва меъморчилик институтида у билан бирга ўқиган Раҳим Аҳмедов, Маннон Саидов ва Неъмат Кўзибоевлар ҳам бўлишган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Тачат Оганесов Ўзбекистон тасвирий санъатида портрет жанрини янги босқичга олиб чиқиш билан бирга, 1954 йилдан эътиборан Тошкент театр ва рассомлик институтида (ҳозирги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти) ёш рассомларга қаламтасвир ва рангтасвир асосларидан таълим берди. Унинг шогирдлари қаторига Абдуллаев С.Ф, Акудин В. Г, Мусабаев М.Н, Муҳамедов С. Ж, Пак Н. С, Лимаков И.Н, Эзенбаев Д, Ю. Зорькин, И. Бахромов, М. Тухтаев, Ф. Эсенгалиев ва бошқа кўплаб Ўзбекистон санъатининг ривож топишига салмоқли ҳисса қўшган рассомлар киради.

Кўргазмада 50 дан ортиқ бадиий асарлар томошабин эътиборига илк бор намойиш этилмоқда. Улар, ХХ асрнинг ўрталари Ўзбекистон тасвирий санъатида миллий рангтасвир мактабининг шаклланиши, янги жанрларнинг пайдо бўлиши, академик реализмнинг тасвирий ва пластик тамойилларини яққол намунасидир.

                                                                                                                                                                          Манушак Арушанова-санъатшунос

 

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.