loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Google Play Market ва App Storeда миллий либосларимиз танитилади

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти (МРДИ)да амалий грант доирасида ўзбек миллий этномаданий тантанавор либосларининг мобил иловасини яратиш бўйича илмий тадқиқот олиб борилмоқда.

Мобил илова Google Play Market ва App Store иловалар дўконида йўлга қўйилади. Мақсад – ўзбек миллий этномаданий либослари тарихи ва санъатини кенг тарғиб этиш ҳамда хорижга танитиш.

Мобил иловада жой оладиган ўзбек этномаданий тантанавор либосларга оид маълумотлардан тадқиқотчи мутахассислар ўз илмий фаолиятларида фойдаланишлари мумкин бўлади.

Таъкидлаш керакки, этномаданий либос халқларнинг миллий ўзлигини, этник белгиларини кўрсатувчи мезон, нафақат урф-одат, миллий қадрият, ижтимоий муносабатларини, балки диний эътиқоди, нафосат ва эстетик нормаларини ифодаловчи моддий-маънавий ёдгорлик саналади.

Грант доирасида 1 июнь куни ZOOM платформаси орқали “Қашқадарё-Сурхондарё этномаданий тантанавор либослари тадқиқи: анъана ва инновация кесимида” мавзусида республика онлайн илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

Анжуманга келиб тушган 50 дан ортиқ мақоладан 20 дан зиёди келгусида чоп этиш учун саралаб олинди.

Илмий-амалий анжуманда Камолиддин Беҳзод номидаги МРДИ, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти, Тошкент ахборот технологиялари университети, Термиз, Фарғона, Наманган давлат университетлари, Ўзбекистон маданияти тарихи давлат музейи ҳамда Ўзбекистон амалий санъат ва ҳунармандчилик тарихи давлат музейидан фан докторлари, илмий тадқиқотчилар, докторант ва магистрантлар, иқтидорли талабалар иштирок этди.

Санъатшунос, музейшунос, тарихчи, этнограф, либос дизайнерлари, ахборот технологиялари мутахассисларидан мақола ва тезислар келиб тушгани соҳалар кесимида анжуманга қизиқиш юқори бўлганини кўрсатди.

Конференцияда Сурхондарё аёллар либослари, музейларда сақланаётган либос коллекцияларининг экспозицияда намойиши, Алишер Навоий ғазалларида либослар талқини, Қашқадарё-Сурхондарё заргарлик намуналарининг ўзига хос хусусиятлари ҳақидаги маърузалар тингловчиларда катта таассурот қолдирди. Маърузалар савол-жавоб ва баҳс-мунозараларга бой ўтди.

2 июнь куни “Ўзбекистон тарихи” телеканалининг “Тарихий савол” кўрсатувида мазкур амалий грант ҳақида сўз кетди. Грант аъзолари – тарих фанлари доктори Саодат Давлатова, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) Гулираъно Орифжонова, ахборот технологиялари муҳандиси Шаҳзодбек Маткаримов ҳамда МРДИ мустақил изланувчиси Бобур Дадамуҳамедовлар ўзбек миллий либослари ва тақинчоқлари тарихи, уларнинг тадрижий ривожи, семантикаси, либослар тарғибида ахборот технологиялари ўрни, мазкур амалий лойиҳада олиб борилаётган илмий ва амалий изланишлар ҳақида жонли эфирда чиқиш қилишди.