«Ўзбекистон маданий мероси – Янги Ренессанс асоси» шиори остида ўтказилаётган халқаро ҳафталик доирасида бугун Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида шу номли кўргазма очилди.
Экспозицияда И.В.Савицкий номидаги Қорақалпоғистон давлат санъат музейи ҳамда Ўзбекистон давлат санъат музейи коллекцияларидаги нодир асарлар жой олган.
Кўргазмада жамланган рангтасвир асарлари Ўзбекистоннинг ноёб археологик ва меъморий ёдгордикларини, ҳаётнинг турли қирраларини акс эттирувчи гўзал табиат ва маиший турмуш саҳналарини, ўзига хос миллий руҳда яратилган натюрморт ва портретлар, Орол денгизига бағишланган тематик асарларни намоён қилади.
А.Волков, Усто Мўмин, Ў.Тансиқбоев, Н.Карахан, Н.Кашина, З.Ковалевскаяларнинг XX аср Ўзбекистон санъатининг олтин фондига кирувчи рангтасвир асарлари билан бир қаторда В. Мадгазин, Р.Матевосян, И.Савицкийларнинг нафақат музей экспозицияси, балки уларнинг фондида сақланадиган асарлари экспозициядан жой олгани кўргазманинг моҳиятини янада оширади.