loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Китоб тақдимоти

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасида Миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисидаги» 2018 йил 28 ноябрдаги ПҚ-4038-сон Қарори билан тасдиқланган «2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикасида миллий маданиятни янада ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»нинг 5 бўлим 37- бандида кўрсатилган Ўзбекистоннинг ўзига хос амалий санъатини сақлаб қолиш ва келажак авлодларга етказиш мақсадида амалий санъат намуналари каталогини тайёрлаш ҳамда ўзбек, рус, инглиз тилларида нашр этиш вазифасига асосан «Ўзбекистон амалий санъати» китоб-альбоми (муаллиф – санъатшунослик фанлари бўйича фалсафа доктори (PHD) Бинафша Нодир, «San`at» журнали нашриёти, Тошкент -2021, 368 бет) нашрга тайёрланди.

Тошкентда III  халқаро амалий санъат биенналеси доирасида Ўзбекистон Бадиий академиясининг анжуманлар залида ушбу  китобнинг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Унда биеннале хорижий  иштирокчилари,  ўзбек амалий санъат усталари қатнашди.

Таъкидланганидек, китоб ўз ичига Ўзбекистон амалий санъатининг 12 асосий турини (кулолчилик; кандакорлик; заргарлик санъати; пичоқчилик; ёғоч ўймакорлиги; ганч ўймакорлиги; наққошлик; гиламчилик; бадиий мато; читгарлик; каштачилик; зардўзлик санъати) қамраб олган.

Китобни тайёрлаш жараёнида муаллиф Бинафша Нодир вилоятларга экспедиция уюштириб, барча усталар билан шахсан суҳбатлашиб, материал тўплади. Махсус таклиф қилинган фотосуратчилар томонидан фотосъёмка қилинди.

Китоб матни ана шу суҳбат ва тўпланган маълумотлар асосида шакллантирилди (матн 30 бетдан иборат).

Альбом-каталогга Ўзбекистоннинг энг етакчи 84 та уста ҳунармандларнинг асосан сўнгги йилларда ишлаган ижодий асарлари киритилди. Ҳар бир уста ҳақида батафсил биография берилди.    

Тақдимот маросимида мазкур альбом-каталог Ўзбекистон амалий санъатини дунё миқёсида тарғибот қилиш ишларида катта манба бўлиб хизмат қилиши айтиб ўтилди.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.