loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ранглар рақси

Ўзбекистон Бадиий академиясининг “Академия” галереясида 20 ноябрь куни Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонаси стажёр-тадқиқотчиси Алишер Ҳамдамовнинг “Ранглар рақси” номли ҳисобот кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Алишер Мирзаев, Ўзбекистон халқ рассоми, академик Баҳодир Жалолов сўзга чиқди, муаллифнинг ижоди ҳақида фикр-мулоҳазалар билдиришди, ижодий фаолиятига янгидан янги муваффақиятлар тилашди.

Кўргазмада истеъдодли рассомнинг 40 га яқин рангтасвир асарлари намойиш этилмоқда.

Ҳамдамов Алишер 1986 йил Фарғона вилояти Риштон туманида туғилган. 2005 йилда Павел Беньков номидаги Республика рассомлик коллежини тамомлаган. 2012 йилда Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг “Маҳобатли рангтасвир” бўлими магистр босқичини битирган. 2013 йилдан мазкур институтда ўқитувчилик фаолиятини бошлаган. 2010 йилдан бери Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

Ижодий фаолияти давомида ўз асарлари билан республика миқёсида ва халқаро кўргазмаларда иштирок этиб келмоқда. Жумладан, ижодий ишлари билан 2015, 2016, 2017 йилларда анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалида, 2018 йилда Хитой Халқ Республикасида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг маданий тадбирларида, 2019 йилда Кипр Республикасида халқаро симпозиумда иштирок этган. Яна 2019 йилда Тошкент шаҳридаги Ёшлар ижод саройида “Гўзалликни ҳис этиб” номли шахсий кўргазмасини тақдим этди. Унинг асарлари кўплаб давлатларнинг шахсий коллекцияларида ва Кипр Республикаси Модерн санъат музейида сақланади.

2022-2023 йилларда Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Рассомлик маҳорат устахонаси (Олий рассомлик курси) да Ўзбекистон халқ рассоми, академик Баҳордир Жалолов ижодий раҳбарлиги остида сабоқ олди.

А.Ҳамдамовнинг мазкур ҳисобот кўргазмасида маиший, тарихий мавзулардаги асарлари ўрин олган. Рассом ўз асарларида доимо ўз кечинмалари, истаклари, ички ҳолатини акс эттиради.

Муаллифнинг барча асарлари ўзига хос динамикага эга, шу билан бирга персонажларда қарама-қарши, чуқур хотиржам, ўзига бир қадар ишонган образларни кузатишимиз мумкин. Унинг асарларида биринчи ва иккинчи режалар бир-бирига зид эмас, балки бир-бирини уйғун равишда тўлдиради. Матодаги ранг-баранг ҳикоялар инсонга илиқлик бағишлайди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.