loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ижодкор ва мураббий

Таниқли рангтасвирчи рассом, ардоқли устоз мураббий Журъат Раҳмонов 70 ёшни қаршилади.

Шундай инсонлар борки, умр бўйи эзгулик ва комилликка интилиб яшайдилар, ақл-заковати билан маънавият, илму-маърифат йўлида фидойилик кўрсатиб, инсон закосининг олмос қирраларини кашф этиб, юрт назарига тушадилар. Иқтидори, салоҳияти туфайли бадиий ижод билан шуғулланиб, гўзал санъат асарлари яратиб, қалбларни ром этадилар, элга сидқидилдан хизмат қилишни ўз ҳаётининг асосий мазмуни, деб биладилар.

Таниқли рангтасвирчи рассом, ёшларнинг севимли устоз мураббийи Журъат Раҳмонов ҳақида шундай дейиш мумкин.

Раҳмонов Журъат Собирович 1952 йилда Наманган вилояти, Наманган шаҳрида зиёли оиласида таваллуд топди. Тасвирий санъатимиз ривожига қўшаётган ҳиссаси муносиб баҳоланиб, 2011 йилда “Дўстлик” ордени, 2002 йилда Ўзбекистон Бадиий академиясининг кумуш медали билан тақдирланган.

1986 йилдан 2018 йилгача Бадиий академия тасарруфидаги Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида ишлади, 2018 йилдан буён Бадиий академия тасарруфидаги Республика ихтисослаштирилган санъат мактаб-интернатида рассомлик бўлими ўқитувчиси лавозимида ишлаб келаётган Ж.Раҳмонов ушбу билим масканида рангтасвир санъати таълимига асос солган ва ривожлантирган устоз мураббий саналади. Мактабда “устоз-шогирд” таълим тизимини қайта тиклади ва рангтасвир мактаби анъаналарига таянган ҳолда фаолият юритмоқда, шогирдларига дастгохли рангтасвир дарсларида тасвирий санъат турларидан сабоқ бермоқда.

Устоз қўлида тарбия топган шогирдлар халқаро фестивалларда ўзбек тасвирий санъатини намоён этиб, бир неча бор олтин ва кумуш медаллар соҳиби бўлишган.

1988 йилдан бери Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг аъзоси Ж.Раҳмонов педагогик фаолиятдан ташқари ижод билан ҳам фаол шуғулланади. Хорижда турли кўргазмаларда рантасвир санъатимизни тарғиб этишга ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келмоқда.
150 дан ортиқ Республика ва халқаро миқёсдаги кўргазмалар итирокчиси, жумладан, Франция, Туркия, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикасида шахсий кўргазмалар ташкил қилган.

Фурсатдан фойдаланиб, муҳтарам устоз мураббий Журъат Собировични таваллуд куни билан табриклаймиз, бадиий таълим йўналишида ёш авлодни тарбиялаш, тасвирий санъатимизнинг бўлажак намояндаларини етиштиришда олиб бораётган шарафли фаолиятида улкан зафарлар, мустаҳкам соғлиқ, тасвирий санъатимиз мухлисларини янгидан янги асарлари билан хушнуд этиб юришини тилаб қоламиз!

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.