Тасвирий санъатда рангтасвир жуда мураккаб жанр. У юксак дид, нозиктаъб кишиларгагина ўз сирларини очади. Рангтасвирнинг мазмун-моҳияти ҳаммага ҳам аниқ, тушунарли бўлавермайди. Шундай экан, Акмал Нур асарлари бу қадар оммалашиши, халқ орасида кенг ёйилгани сири нимада?
— Назаримда, бу рассомнинг ижодининг илк палласидаёқ халқ севган мавзуларга, миллий хусусиятларга алоҳида диққатни қаратганлиги билан боғлиқ бўлса керак. Тўғри, халқона мавзуга бошқа рассомлар ҳам қўл уришган ва уришади. Аммо оддий одамлар ва юксак дидли мухлис учун бирдай тушуниладиган, мана шу икки тоифа учун ҳам мафтункор бўлган рангтасвир яратишга ҳамма рассом ҳам эришолмайди. Бундан ташқари, Акмал Нур рангтасвири қаршисида уни тушунган томошабин ҳам, тушунмаган кишилар ҳам бир зумга бўлсин, тўхтаб қолиши ажабланарли ҳол эмас.
Оддий томошабин асардаги жозибали тасвирнинг ранглару шаклларига мафтун бўлса, ҳақиқий мухлис унинг асари тасвири юзидаги пардани аста кўтариб, асл гўзалликда яширинган маъно-ю мажозларни кўра олади, унга сингдирилган мазмунни англайди, — дея таъкидлайди санъатшунос Бинафша Нодир.