loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Азиз ва мўътабар аёлларимизга эҳтиром

Бугун Тошкент фотосуратлар уйида 15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари кунига бағишланган  бадиий фотография ва рангтасвир асарлари кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Кўргазма ташкилотчилари: Ўзбекистон Бадиий академияси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Ўзбекистон Республикаси “Ўзархив” агентлиги,  Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси, Тошкент фотосуратлар уйи. Вазирлар Маҳкамасининг «Республикада  15 октябрь – Халқаро қишлоқ аёллари куни»га тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш тўғрисида» ги   Баёни асосида октябрь ойи давомида  мазкур сана муносабати билан қишлоқ ҳудудларидаги  хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ижтимоий фаолликларини оширишга қаратилган  манзилли чора-тадбирлар доирасида  маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.Маълумки, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан мамлакатимизда  хотин-қизларни ҳар томонлама  қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий фаолликларини ошириш, бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка  жалб этиш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаяпти.Аёллари қадрланган юртда тараққиёт бўлади.

Бугунги кўргазмада ҳаётидан рози ва мамнун яшаётган юртимиз қишлоқ аёллари кундалик ҳаётининг турли жабҳалари ўз ифодасини топган бадиий фотография ва рангтасвир асарлари намойиш этилмоқда. Кўргазмани шартли равишда уч қисмга бўлиш мумкин: биринчи қисмдаги  фотосуратларнинг аксариятини оқ-қора рангдаги ретросуратлар ташкил этган. Уларда ўз даври ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида фаолият кўрсатган таниқли ва фаол хотин-қизлар гавдаланади. Ушбу фотосуратлар Ўзбекистон Давлат архивида сақланаётган ретроспектив ва ноёб асарларнинг нусхаларидир. Иккинчи қисмдаги рангли фотосуратлар бугунги, замонавий ҳаётимизни акс эттиради.

Улар Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмасининг “Фоторассомлар шўъбаси” аъзолари Р.Шагаев, Р.Шарипов, А.Жумаев, В.Гончаренко, В.Шлосберг, Н.Боймуродова, С.Деҳқонов ҳамда ЎзА фотомухбирлари, шунингдек, ёш фотографларнинг бадиий фотоларидан ташкил топган. Уларда замонамиз қишлоқ аёлларининг меҳнат жараёни ёки турли ҳаётий жабҳа ва ҳолатлардаги бадиий фотосуратлари жамланган. Учинчи қимдаги экспонатлар рангтасвир асарларидан иборат бўлиб, уларда асосан, эндигина танилаётган ёш рассомларнинг асарлари тақдим этилган. Улар орасида З.Фармонов, Ф.Бозоров, С.Музаффарова, Ф.Атамуллаева, Ф.Мамадиёров, Г.Жалолова сингари истеъдодли мусаввирларнинг асарларида аёлнинг гўзаллиги, миллийлиги, ишбилармонлиги, меҳрибон онахонларнинг нуроний чеҳраларини кўришингиз мумкин.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.