Бадиий академиянинг Марказий кўргазмалар залида рассом Татьяна Фадееванинг “Ҳаловатли уйқулар” деб номланган кўргазмаси очилди. Экспозицияда намойиш этилаётган элликдан ортиқ ижод намуналарида рассом ижодидаги янги даврни кўриш мумкин. “Келинчак”, “Ниначи”, “Гирдоб”, “Қўмсаш” каби асарлар бир қарашда содда кўринади, лекин замирида улкан маънолар яширин. “Ширинликларга тўла дастурхон”, “Алвон елканлар”, “Фавн”, “Қўғирчоқ” сингари асарларда замонавий дунёнинг турли манзаралари ифодаланган. Чизгиларининг ўзига хос йўналишини шакл ва ранглар орқали излаётган рассом асарларида баҳор ифори, баҳорий ранглар мужассам. Т.Фадеева ўзининг барча асарлари билан яхшилик ғалабасини тасдиқлайди. Кўргазма ўзига хос геометрик шаклда қурилган бўлиб, ўткинчи ва хаёлий, ажойиб тушларга сайр қилиш манзарасини акс эттиради.