loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Ортиқ Файзуллаев вафот этди

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими, Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академиясининг фахрий аъзоси, ёғоч ўймакор уста Ортиқ Файзуллаев 90 ёшда вафот этди.

Ёғоч ўймакор уста Ортиқ Файзуллаев тўқсон йиллик ҳаётининг етмиш йилини юртимиз анъанавий ёғоч ўймакорлиги санъати равнақига сарфлади. Ижодий фаолияти давомида яратган санъат асарлари билан кўплаб бадиий кўргазмаларда қатнашди. Совринли ўринларга муносиб топилди. Бир қанча аҳамиятга молик биноларни бадиий безашда иштирок этди. 200 га яқин ёш ҳунармандга устозлик қилиб, уларни ўз касбининг етук ва моҳир усталари қилиб етиштирди. Ижодкорнинг кўплаб шогирдлари давлатимиз мукофоти ва унвонлари билан тақдирланган.  

Пойтахтимизда гўзал меъморий бинолар сирасига кирадиган “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройидаги “Баҳор қуёши” номли 6 та миллий ўймакор эшиклар тўпламининг яратилишида Ортиқ Файзуллаев бош-қош бўлиб, ўзидан муҳташам мерос қолдирди.  

Ортиқ Файзуллаев ёғоч ўймакорлиги анъаналарини давом эттириб,  уларни янги ишланма ва нақшлар билан бойитди, кўплаб жамоат биноларини безашда иштирок этди.  

Моҳир уста яратган безаклар, халқ амалий санъати намуналари юртимиздаги кўплаб музейлар, маърифат масканларига кўрк бериб турибди.  

Ўзбекистон Бадиий академияси жамоаси устоз-мураббий Ортиқ Файзуллаев вафоти муносабати билан марҳумнинг оила аъзоларига, яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.