loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Рассом ижоди ҳақида илмий-амалий семинар

Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, профессор, миллий рангтасвиримиз ривожига улкан ҳисса қўшиб келаётган Акмал Икромжонов ижодига бағишланган “Қалб наволари” мавзусида илмий-амалий семинар ўтказилди.  Акмал Икромжонов миллий рангтасвиримиз ривожига улкан хисса қўшиб келаётган рассомлардан бири. Рассом ижоди академик санъатнинг юксак мезонларига асосланганлиги уни замонавий рассомлардан ажратиб туради. Шундай бўлсада, А.Икромжоновни серқирра ижодкорлиги унинг постмодерн йўналишида ҳам самарали ижод қилишида намоён бўлади. Санъат оламига 1970-йилларда реалистик асарлари билан кириб келиб, кўплаб ўзига хос портретлар, натюрморт ва манзара асарларини яратган.  Рассом ижодий йўли давомида сиёсий ўзгаришлар даврини ҳам бошдан кечирди. Бу даврларда ижтимоий-драматик ҳолатга қарамай ҳаётни севиш ва келажакка интилиш фалсафасини ёрқин колоритга эга, кўтаринкилик руҳидаги асарларни яратади.Рассомнинг ранглар жилосини ҳис қилиши ва уларни маҳорат билан қўллай билиши рангтасвирда маъноларни гавдалантириши майда деталларга эътиборини чуқур қаратиши рассомнинг юксак маҳратидан далолат беради. Мазкур сифатларга эга мусаввир ҳақиқатнинг ғаройиб манзарасини яратишга, замон ва маконни аниқ кўрсатишга эришади. Томошабин унинг асарида борлиқни кўзгуда кўраётгандек ҳис қилади.Акмал Икромжонов маҳоратли рассом бўлиши билан бирга, яхши устоз ҳамдир. Рассом ёш авлодни тарбиялашдек машаққатли вазифасини ҳам рассомлик маҳорати каби юксак даражада амалга ошириб келмоқда. Бугунги кунга қадар А.Икромжонов бир қанча ўз ўрнига эга, иқтидорли рассомларга санъат сирларини ўргатиб, ўзбек рангтасвирини дунё майдонларига олиб чиқишда ўз хиссасини қўшиб келмоқда.Семинарда Санъатшунослик фанлари доктори, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги, Ўзбекистон фанлар академияси академиги Акбар Хакимов, Санъатшунослик фанлари доктори, “San’at” журнали бош муҳаррири Дилафруз Қодирова ва Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтининг талабалари – бўлажак санъатшунослар рассом Акмал Икромжонов ижодининг турли йўналишлари билан семинар меҳмонларини таништирдилар. “Санъат назарияси ва тарихи” мутахассислиги 2 босқич магистрантлари Нодира Хасанова ва Фотима Мамажоновалар рассомнинг Шарқ эстетикасига, шунингдек 20 аср рангтасвир анъаналарига  асосланган ижодий ишлари ҳақида маърузалар ўқидилар. Тадбир якунида маърузачилар институт томонидан ташаккурнома ва Акмал Икромжонов каталоги билан тақдирландилар.

 

Зухра Зайнутдинова,

Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институти таянч докторанти