loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур

Камолиддин Беҳзод номидаги Шарқ миниатюра санъати музейида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк шоир ва олим, машҳур давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги ПҚ-20-сон Қарори ижросини таъминлаш мақсадида миниатюра ва халқ амалий санъати асарларидан иборат “Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур” номли кўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Маълумки, XIV-XV асрларда Марказий Осиёда вужудга келган ижтимоий-сиёсий муҳит, жаҳон тамаддунида алоҳида саҳифа бўлиб қолди. Жумладан, Темурийзода Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) ўзбек мумтоз адабиёти, география, тарих воқелигини муҳрлашга катта ҳисса қўшди. Бобурнинг қолдирган илмий мероси муҳим тарихий-географик манбаа сифатида ҳозирги вақтда ҳам дунё олимлари ҳамда ижодкорлари томонидан кенг ўрганилмоқда. Заҳириддин Бобур адабий меросини тадқиқ этган устоз рассомлар ва ёш авлод вакиллари “Бобурнома”да тасвирланган меъморий ёдгорликлар, муҳташам сарой ва унинг шоҳона ҳаёти, кўзни қамаштирадиган боғлар, табиат ва иншоотдаги яхлит эстетик бирликка алоҳида эътибор билан қарашган. Бобурнинг подшоҳлик ва адабий фаолияти ижодкорларни ўзига ром етиб келмоқда.

Буюк тарихий шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти адабиёт ва тасвирий санъат асарларининг асосий мавзуларидан бири бўлиб келган. Шоир ва давлат арбоби, мутафаккир ва жаҳон маданияти тараққиётига муносиб ҳисса қўшган Захириддин Муҳаммад Бобурнинг сермашаққат ва ибратли ҳаёт йўлини ифода этган тасвирий санъат асарлари жамланса бир неча жилдлик албом бўлади.

Кўргазмада намойиш этилаётган асарларнинг баъзилари хусусида фикр юритамиз. Баҳодир Xожиметовнинг ижодий ишларида Бобурнинг шоир, давлат арбоби, жасур саркада, маданият ва маърифат ҳомийси, бунёдкор ва бошқа инсоний фазилатлари бадиий ташбеҳларларда ифода этилган. Рустам Xудайберганов ижодига мансуб портретда ва Камолиддин Мирзаевнинг асарида Бобур сиймоси алоҳида меҳр ва маҳорат намунаси сифатида ифода этилади. Абдумажид Мирсагатов портретида майдон шоҳсупасида давр тулпорида, ўз ортидан бебаҳо умумжаҳон маданий мерос дурдоналарини қолдириб, улкан тоғлар oша асрлар шамолида учиб ўтиб қўли кўксида истиқлол туфайли мустақилликка эришган халқига таъзим ва эхтиром билан она юрти Андижонга кириб келган бобокалонимиз  Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймоси гавдаланган. Кўргазманинг яна бир acapи рассом  Маҳмудов Нозим томонидан ишланган бўлиб, “Бобурийлар салтанати” деб номланади. Миниатюра услубида  бажарилган рангтасвирда Бобурийларнинг 332 йиллик сулоласида ўз ҳаётий исботини топган, жаҳон адабий хазинасига Бобур, Гулбаданбегим, Камронмирзо, Зебунисо каби мумтоз адабиётимиз вакилларини берган шоҳ ва шоирлик анъанаси ўзининг бадиий тасвирий ифодасини топган.

Умумжаҳон тасвирий санъатининг дурдоналари сифатида эътироф этилган “Бобурнома” миниатюраларда, бу қомусий асарда битилган алломанинг сермазмун ҳаёти, фаолияти ҳамда давр руҳияти, тарихий воқеаликлар, наботот ва ҳайвонот олами ўзининг ифодасини топган. Шунингдек, миниатюрачи мусаввир Камолиддин Абдуллаев “Бобурнома” асарида таърифи келтирилган маълум ва машҳур Қува анорлари тасвирини яратган. Чарос Пайзиеванинг “Алломалар” асарида Шарқ ва Ғарбнинг буюк рассомларини,  асар марказида эса Камолиддин Беҳзод, Aлишер Навоий образини алоҳида ҳурмат-эътибор билан тасвирлаган.

Ёш ижодкор Собитова Мадинабону миниатюраларида эса Бобурмирзо тимсолида ҳам поклик, шоирона лирик кайфият ва муҳаббатни ҳис қилиш мумкин. Бошқа ёш ижодкор рассомларнинг ижод намуналарида Заҳириддин Муҳаммад  Бобур сиймоси ўзининг бетакрор қирраларини намоён этади. Исломова Муниса, Набиева Ноила, Дедашев Бахтиёр ижодида Бобур тимсоли салмоқли ўрин тутади. 2020-2023- йиллар давомида ишланган “Бобурнинг ҳаёт йўли”, “Навоийдан Бобурга хат” каби рангтасвирлаp алоҳида саҳифасини ташкил қилади ва Бобур образини тарихийлик жиҳатдан мазмунан тўлдиради. Калбаева Мафтуна, ижодига мансуб шоҳ ва шоирнинг (2020) тасвирида Аллома тимсоли ўзаро уйғун рангларда, серқуёш, шарқона руҳият, юксак касб маҳорат, шоир шахсига бўлган беқиёс муҳаббат, самимиятни гувоҳи бўламиз.

Кўргазмада 20 нафардан ортиқ рассомларнинг 50 дан ортиқ асарлари намойиш этилмоқда.
Кўргазма давом этаяпти.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.