Ижодий кечани Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур очиб берди: — Ўзбекистон Бадиий академияси ўзбек тасвирий санъати ривожига улкан ҳисса қўшган рассомларимиз ижодий фаолиятига оид туркум кўргазмалар, ижодий суҳбатларни ташкил қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди. Бу ишга қўл уришимиздан кўзлаган мақсадимиз тасвирий санъат оламига кириб келаётган ёшларимизни ўтмишдаги рассомларимиз ижоди, унинг ўзбек тасвирий санъатида эгалаган ўрни ҳақида кенг бохабар этишдан иборат. Бугун таълим олаётган ёшларимизнинг аксарияти афсуски, катта авлод рассомлар ижодидан бехабар. Шундай экан, уларни хотирласак, бугунгидек ижоди ҳақида санъатшунослар иштирокида мулоқот қилсак, фойдадан холи бўлмайди, бу билан аввало улар хотирасига ҳурмат бажо келтирган бўламиз, қолаверса ёшларимизга муҳим маълумотларни тақдим этамиз, деди Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур.