loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Азалий дўстлик, қардошлик

Тошкентда Озарбайжон миллий етакчиси Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланган фотокўргазма очилди.

10 май куни Тошкент фотосуратлар уйида Ўзбекистон Бадиий академияси,  Тошкент фотосуратлар уйи ҳамда Озарбайжоннинг мамлакатимиздаги элчихонаси, Озарбайжон миллий маданият маркази ҳамкорлигида «Азалий дўстлик, қардошлик» номли фотокўргазманинг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Озарбайжон дипломатик ваколатхонаси вакиллари, Ўзбекистон Бадиий академияси мутасаддилари, қатор вазирлик, идоралар ҳамда меҳмонлар иштирок этди.Фотокўргазма азалий дўст ва қардош давлат – Озарбайжон умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиев таваллудининг 100 йиллигига бағишланди.

Тадбирда таъкидланганидек, Ҳайдар Алиев ХХ асрнинг атоқли сиёсий ва давлат арбоби, мустақил Озарбайжоннинг асосчиси ва буюк бунёдкори сифатида тарихга кирди. Унинг кўп қиррали  фаолияти қардош халқларимиз ўртасидаги муносабатни ривожлантириш, Озарбайжоннинг  халқаро майдонда нуфузини оширишга хизмат қилди.

Ўзбекистон билан муносабатни юқори даражага кўтариш, мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик  шериклик, икки ва кўп томонлама ҳамкорликни кенгайтиришга беқиёс ҳисса қўшди.

Мазкур фотокўргазма ҳам икки қардош халқ ўртасидаги дўстона муносабатлар мустаҳкам тарихий, маданий-маърифий илдизларга эга эканлигининг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.

Фотокўргазмада жами 52 та фотосурат ўрин олди, улардан 17 таси Янги Ўзбекистоннинг жўшқин ҳаёти, 35 таси Озарбайжон ҳақида ҳикоя қилади.

Фотосуратларда Озарбайжон умуммиллий етакчиси Ҳайдар Алиевнинг ижтимоий, сиёсий фаолиятидан лавҳалар,қардош юртнинг тарихий обидалари ва замонавий меъморий иншоотлари, миллий анъаналари ўз аксини топган.

Таъкидлаш жоизки, қардош Озарбайжон билан санъат, маданият соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқаларимиз кенгайиб бораяпти.2022 йилда Озарбайжон Миллий санъат музейи директори, Озарбайжон халқ рассоми Чингиз Фарзалиевга Ўзбекистон Бадиий академияси фахрий аъзоси унвони берилди.


– Шу йилнинг октябрь ойида Тошкентда Чингиз Фарзалиевнинг шахсий кўргазмасини ўтказиш режамиз бор,-деди Бадиий академия раиси Акмал Нур. – Бадиий академияга қарашли Камолиддин Беҳзод номидаги  Миллий рассомлик ва дизайн институти ҳамда Озарбайжон маданият ва санъат давлат институти ўртасида имзоланган ҳамкорлик келишувига мувофиқ соҳа вакилларининг муносабатлари  тобора қизғин тус олмоқда. Жорий йилда апрель ойида ўтказилган Халқаро анъанавий Тасвирий ва амалий санъат фестивалида  Бадиий академия ҳамда ТУРКСОЙ халқаро ташкилоти ҳамкорлигида уюштирилган лойиҳада Озарбайжон рассомлари фаол иштирок этишди. Келгусида санъат, маданият соҳасидаги ўзаро алоқаларни янада кенгайтириш лойиҳалари устида иш олиб борилмоқда.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.