loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Академик Малик Набиев таваллуди тадбирлари

Бугун, 22 ноябрь куни пойтахтимизда Ўзбекистон халқ рассоми, академик Малик Набиев таваллудининг 105 йиллигига бағишланган тадбирлар бошланди.

Тадбирлар аввалида Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур бошчилигида бир гуруҳ рассомлар, тизимдаги ташкилотлар раҳбарлари тасвирий санъатимиз ривожига улкан ҳисса қўшган Малик Набиев абадий қўним топган Шайх Зайниддин бува қабристонини зиёрат қилишди. Марҳум ҳақига Қуръон тиловат қилинди, хотирланди.

Шундан сўнг бугун рассом хонадонида Малик Набиевга ўрнатилган хотира ёдгорлигининг очилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур, Ўзбекистон Бадиий академияси академиги Алишер Мирзаев ҳамда рассомнинг яқинлари, шогирдлари, санъатшунос мутахассислар сўзга чиқиб, Малик Набиев ҳақидаги хотираларини баён қилар эканлар, у нафақат рассом, балки шу халқнинг фарзанди сифатида ҳам жуда катта маънавий мерос қолдиргани, шу маънода унинг ижодини бугунги ёшлар учун ибрат сифатида кўрсатиш, янада кенг тадқиқ этиш лозимлигини ҳамда бугун рассомнинг босиб ўтган ҳаёт йўлини ўрганишга қаратилаётган эътибордан мамнун эканликларини таъкидлашди.

Шунингдек, рассом нафақат ижодкор сифатида, балки педагог сифатида ҳам санъат ва маданият ривожи учун беқиёс ҳисса қўшганини, унинг шогирдлари орасида кўплаб эл ардоғидаги ижодкорлар етишиб чиққанини қайд этиб ўтишди.

Мазкур хотира лавҳаси Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Оллоберган Оллоберганов томонидан яратилди.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.