loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Бадиий академия раиси ТУРКСОЙнинг олтин медалини олди

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нур Тошкент шаҳрида ўтган ТУРКСОЙнинг 30 йиллик юбилей тантаналари доирасида туркий давлатлар орасида маданият ва санъатнинг кенг тарғиботи, профессионал маҳорати билан туркий давлатларда обрў ва эътибор қозонган таниқли маданият ва санъат ходимлари учун таъсис этилган “Олтин медаль” мукофоти билан тақдирланди.

Мукофотни ТУРКСОЙ Бош котиби Султанбай Раев топширди.

Турк дунёсининг муштарак томи бўлган ТУРКСОЙ, ташкил топганидан буён турли хил маданий тадбирларни амалга оширди, опера кунлари, шоирлар, бастакорлар, фотосуратчилар, ҳайкалтарошлар ва рассомлар учрашувлари, халқаро фестиваллар, хотира ва нишонлаш кунлари, кўргазмалар ташкил қилди, конференциялар, симпозиумлар ва давра суҳбатлари ўтказди, журналлар ва китоблар нашр этди, маданий алоқаларимиз ва қардошлик ришталарининг мустаҳкамланиши ва умумий маданиятимизни дунёга танитиш учун фаолият олиб борди.

Турк дунёси рассомчилик санъатини танитиш, рассомларимиз ўртасидаги алоқаларни яхшилаш ҳамда тажриба алмашиш имкониятини бериш мақсадида 25 йилдан бери “ТУРКСОЙ рассомлар учрашуви” ташкил қилмоқда.

Жорий 2023 йилнинг апрель ойида Бадиий академия томонидан ўтказилган Халқаро тасвирий ва амалий санъат фестивали доирасида Ўзбекистон тасвирий санъат галереясида «Турк дунёси рассомларининг учрашуви» (https://t.me/artacademyuz/18460) деб номланган бадиий кўргазма ташкил қилинди.

Буларнинг барчаси ўзаро ҳамжиҳатликда қадим туркий маданият, санъатни ривожлантириш йўлида муносабатлар тобора мустаҳкамланаётганидан далолат беради.

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.