loader image
Barcha yangiliklarga qaytish

Бахтиёр Назаровнинг шахсий кўргазмаси

Тошкент фотосуратлар уйида  Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, академик, профессор, рассом Бахтиёр Назаров таваллудининг 80 йиллигига бағишланган “Танланган йўл” номли шахсий кўргазмасининг очилиш маросими бўлиб ўтди.Кўргазмада рассомнинг 100 га яқин рангтасвир асари ҳамда киноаларга ишланган эскизлари, қораламалари намойиш этилаяпти.

Бахтиёр Назаров узлуксиз ва машаққатли ижод йўлини танлаган. Бу йўлнинг турли сўқмоқларидан матонат билан, доим ижодга машғул ҳолда ўтиб борган. Унинг асарларида авваламбор ижодкорларга хос бўлган қатъий, экспрессив чизиқларни, баъзида жунбушга келган, баъзан эса матога секингини сингиб кетган рангларни, шиддатли ҳаёт саҳналарини, матога кўчган қалб изтиробларини кузатиш мукин бўлади. Ушбу кўргазмани шартли равишда қисмларга ажратишимиз мумкин.Улар: тарихий шахслар портретлари; аёллар қиёфалари;

ижодий сафарларда яратилган образ ва композициялар; кинематографияга тааллуқли асарлар ва эскизлардан таркиб топган.

Тарихий портретлар орасида, асосан, Бобур ва бобурийлар сулоласига мансуб шахслар, шоира аёллар Нодирабегим ва Зебунисо, шунингдек, жасоратли Тўмарисни кўриш мумкин. Аёллар ва ижодкорларга бағишланган картиналарда эса аёл нафосати, гўзал табиати талқин этилган. Ижодкорнинг шоҳ асарларидан бири бўлган халқ севган, бетакрор актриса Лутфихоним Саримсоқова портрети аёлнинг ҳақиқий мадҳиясига айланган.

Ижодий сафарлари давомида рассом Ҳиндистон, Хитой, Япония сингари давлатларда бўлиб, самарали ижод қилган. Бунда ҳам севимли образи – аёлларга эътиборни кўпроқ қаратган. Аёлнинг  назокатли қиёфаси, кийим ва тақинчоқлари, шунингдек, миллатига хос бошқа жиҳатлари ижодкорни ўзига жалб этган бўлса ажабмас.  Рассомнинг кино санъатига бахш этган умри алоҳида бир саҳифа, ўзга бир табиани кашф этади. “Шум бола” ва “Машраб” сингари машҳур кинофильмларга ишланган ишлар ва эскизлар орадан неча йиллар ўтиб яна томошабин билан юзма-юз бўлади….

Рассом ҳақида:

1942 й. – Наманган вилояти, Нанай қишлоғида туғилган.

1965 й. – П.Беньков номидаги Республика рассомлик билим юртини тугатган.

1965 – 1971 йй. – Бутуниттифоқ Давлат кинематография институтида “кино рассоми” бўлимида таҳсил олган.

1971 й. – “Ўзбекфильм” киностудиясида постанокачи рассом бўлиб ишлаган.

1976 й. – Ўзбекистон киноарбоблар ижодий уюшмаси аъзоси.

1997 й. – Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси.

1969 й.дан – Республика ва хорижий давлатлар (Хитой, 2007 – 2010 )да гуруҳий ва шахсий кўргазмалари бўлиб ўтган.

 

O‘zbekiston Badiiy akademiyasi
 © 2019. Barcha huquqlar himoyalangan.
Veb-saytdagi ma’lumotlardan foydalanilganda, manbaga havola qilish majburiy.